Ўзбекистон | 19:15 / 12.09.2020
12170
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда афғонистонлик тадбиркорлар учун кириш очиқ, ўзбекистонликлар учун «паспорт режими»даги иқтисодий зона қурилмоқда

«Термиз» эркин иқтисодий зонаси афғонистонлик тадбиркорлар учун очиқ ва ўзбекистонликларга «паспорт режими»да ишловчи ёпиқ иқтисодий зона бўлади.

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 20 турдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Термиз» эркин иқтисодий зонаси барпо этилмоқда. Бу ҳақда 10-11 сентябрь кунлари журналистлар учун Сурхондарё вилоятига ташкил қилинган пресс-тур давомида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, янги эркин иқтисодий зонада экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва асосан қўшни Афғонистон ва Покистонга экспорт қилинади.

Самандар Худойбердиев

Лойиҳа бўйича тақдимот қилган вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Самандар Худойбердиевга кўра, мазкур иқтисодий зонада «Термиз канцелярия моллари» МЧЖ томонидан замонавий телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилади.

«Замонавий телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси – 6,5 млн долларлик бўлиб, йилига 50 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. У сентябрь ойининг охири ва октябрь бошларида ишга тушади. 

Бунда маҳсулотнинг сифатли ва арзон бўлиши эътиборга олинади», – деди бошқарма бошлиғи.

Тақдимот давомида журналистлар томонидан ушбу маҳсулотларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган «Artel» телевизорларига нарх ва сифат борасида қанчалик рақобатчи бўла олиши борасида савол билан мурожаат қилинди.

 «Аввало, лойиҳадан мақсад ҳам бозоргир ва рақобатбардош телевизорлар ишлаб чиқариш. У бозорда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Қайтараман, бу ерда чиқаётган телевизорлар рақобатбардош ва сифатли бўлади», – деди Самандар Худойбердиев.

Унинг қўшимча қилишича, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши билан, кейинчалик экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқилади.

Рустам Пардаев

Тақдимот давомида Сурхондарё вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Рустам Пардаев иқтисодий зона борасидаги яна бир қатор маълумотларни журналистлар билан бўлишди.

Унга кўра, Афғонистонда ҳали ишлаб чиқариш йўқ ҳамда мамлакат йилига 4-5 млрд долларлик маҳсулотларни импорт қилиб келмоқда. 

«Афғонистонга халқ истеъмоли моллари сотиладиган катта бозор керак.

Сизларга тақдимоти қилинаётган «Термиз» иқтисодий зонасини ташкил этишдан кўзланган мақсад қўшниларимизга қулайлик яратиш. Чунки уларнинг водий вилоятларимиз, Самарқанд ёки бошқа вилоятларга бориб маҳсулот олиб келиши қийин. Ҳар бир чегарада қайта текширув.

Биз эса уларнинг мана шу зонага кириши учун «яшил йўлак» ташкил қилиб берамиз. Афғонистон фуқаролари мана шу йўлак орқали келиб савдо қилиши, ишлаб чиқарувчилар билан шартнома имзолашлари мумкин.

Бу зона ўзбекистонликлар учун ёпиқ ва афғонистонликлар учун очиқ бўлади. Улар визасиз ва биргина текширув орқали бу зонага кириб келаверади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар эса бу ерга назорат ва паспорт режими билан киритилади ҳамда чиқарилади», – деди вилоят ҳокими ўринбосари. 

Тақдимотда қўшимча, қилинишича, ҳозирда иқтисодий ҳудудда кийим-кечак ишлаб чиқаришга мўлжалланган текстил корхонаси ҳамда бошқа ишлаб чиқариш объектларининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Маълумот учун, «Термиз» эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартдаги «Термиз» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича ташкил қилинмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг таклифи билан «Термиз» эркин иқтисодий зонаси «Термиз карго» маркази жойлашган ҳудудда барпо этилмоқда.

Мавзуга оид