11:46 / 21.08.2019
15613

Ўзбекистонда олий таълим соҳасида янги марказ ташкил этилади

Фото: DPA

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

олий таълим тизими фаолиятини илмий-методик таъминлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўрганиш асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга йўналтирилган тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда республикада юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этишга кўмаклашиш;

таълим муассасалари фаолиятида илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш методларидан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш ҳамда таълим жараёни сифатини ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шакллари, усуллари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини жорий этишда кўмаклашиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналиш ва мутахассисликлари дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини тайёрлаш ва ўқув адабиётларини нашр этишни ташкиллаштириш;

олий таълим тизимининг меъёрий-ҳуқуқий, меъёрий-услубий ҳужжатларининг таъминотини, давлат намунасидаги қатъий назоратдаги ҳужжатлар ҳисобини юритиш, электрон базасини шакллантириш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

олий таълим тизимининг давлат таълим стандартларини, талабалар мустақил таълими бўйича тавсияларни ишлаб чиқишни ташкиллаштириш ва такомиллаштириш, шунингдек таълим муассасаларида ўқув жараёнининг ўзаро боғлиқлиги ва узлуксизлигини услубий таъминлаш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар республика олий таълим муассасаларининг рақобатдошлигини оширишга қаратилган ўқув-услубий соҳада таълим хизматлари турларини кенгайтириш (диверсификациялаш);

олий таълим тизимини илмий-тадқиқот институтлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек кадрлар истеъмолчилари талаблари билан интеграциялашув жараёнларини ташкиллаштиришда таълим муассасаларига тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.

Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

республика илмий-тадқиқот лойиҳа грантлари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Шундай тартиб ўрнатиладики, Марказ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда таълим муассасаларига қуйидаги хизматларни шартнома асосида амалга оширади:

олий таълим тизимига тегишли қатъий назоратдаги, давлат намунасидаги ҳужжатларни нашрга тайёрлаш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

олий таълим тизимида юритиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларини таъминлаш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини нашр этишни мувофиқлаштириш, ташкиллаштириш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, олий таълим муассасалари фаолиятидаги меъёрий-услубий ҳужжатларини юритиш, таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, педагог кадрлар фаолиятини оширишга қаратилган таълим хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича услубий кўмаклашиш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими фаолиятини ўқув-услубий томонидан мувофиқлаштириш, янги таълим йўналишларининг меъёрий-услубий ҳужжатлар билан таъминлаш, таълим йўналишлари ва таълим муассасаси объектлари бўйича ягона таълим хизматларини кўрсатувчи миллий реестрни шакллантириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказ тузилмаси тасдиқланади.

Марказ директорига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ходимларнинг умумий белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида Марказ тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Марказнинг Низомини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.

2019 йил 1 сентябрдан Марказ директорининг маоши олий таълим муассасаси ректорлари лавозим маошига, директорнинг илмий-методик масалалар бўйича маслаҳатчиси ва директор ўринбосарларининг маоши – проректор лавозими учун белгиланган, бошқарма ва бўлим бошлиқларининг маоши – факультет декани учун белгиланган, бош мутахассиснинг маоши –факультет декани ўринбосари учун белгиланган, етакчи мутахассиснинг маоши – доцент унвонлари учун белгиланган лавозим маошларига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан умумий тушумларнинг икки фоизгача миқдоридаги ажратмалар ажратиш белгиланади.

Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

ўқув-услубий ишланмаларни такомиллаштиришда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, танловлар ўтказиш;

олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими дастурларига кирувчи барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини тайёрлаш ва уларни экспертизадан ўтказиш харажатлари;

Марказнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш;

Марказ раҳбарлари ва ходимларини моддий рағбатлантириш.

Белгилаб қўйилишича:

а) ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Марказ ходимларининг:

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 30 фоиз;

фан доктори ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимлари ойлик иш ҳақига – 35 фоиз устамалар белгилаш;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказнинг ходимлари ойлик лавозим маошига олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача – 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 20 фоиз,
10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ – 40 фоиз ойлик устамалар тўлаш.

Тошкент давлат техника университетига тегишли бўлган Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Шифонур кўчаси, Талабалар шаҳарчаси 75-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Марказга бепул берилади.

Top