Жамият | 15:31 / 31.08.2025
8637
3 дақиқада ўқилади

Полосонни машҳур қилган шоир: Анвар Обиджон хонадонидан репортаж

Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорлар мукофотланди. Улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ҳам бор. У “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Kun.uz мухбири Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида – шоир яшаган хонадонда бўлиб марҳум ижодкорнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Акам билан битта ёстиқда улғайдик. Кейин у Самарқандга кетди ўқишга. Ўқишни тамомлаб армияга отланди. Тошкентда ишлаб юрган кезларида уни йўқлаб пойтахтга кўп марта борганман. «Ёш гвардия» нашриётида ишларди у пайтда.

Тоҳир Обиджон, Анвар Обиджоннинг укаси

Саид Аҳмад, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Давронлар билан учрашиб, уларнинг кўп суҳбатини олганман.

Анвар Обиджон

Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад Олтиариққа келса, мени кўрмасдан кетмас эди. Акам билан фахрланаман, у орқали кўплаб зиёли одамлар билан танишдим”, дейди Анвар Обиджоннинг укаси Тоҳир Обиджон.

Холисхон Раҳимова, Анвар Обиджоннинг опаси

“Оилада беш ўғил, бир қиз эдик. Уч укам ўтиб кетди. Анваржондан кейин яна икки укам ўтди. Анваржон президент томонидан тақдирланганига суюниб ўзимни қўярга жой топа олмай юрибман. Бир неча кундирки, хонадонимизда катта тўй”, дейди Анвар Обиджоннинг опаси Холисхон Раҳимова.

Шоир яшаган ҳовли

“Анвар Обиджон билан 50 йил бирга яшадик. Беш фарзандли бўлдик. 30 йил Тошкентда яшадик. Ниҳоятда болаларни яхши кўрар эди. Шунинг учун ҳам болалар шоири бўлди.

Каромат Обиджонова, Анвар Обиджоннинг турмуш ўртоғи

Оддий бир колхозчи оиласида туғилганман. 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқдим. Совчилар орқали танишганмиз. Бир-биримизни аввал кўрмаган эдик. Ижод қилишим, ёзишим керак дерди доим. Келажак авлод учун кўп ҳаракат қилишим керак деб кўп гапирарди.

Анвар Обиджон ўғиллари билан

Китоблари чет давлатларда чоп этиляпти ҳозир. Ҳиндистонда чиқди, ҳинд тили билан инглиз тилида. Мисрда чиқди, араб тили билан инглиз тилида. Қозоғистонда чиқяпти. Дарсликларига киритиляпти шеърлари. Турмуш ўртоғим билан фахрланаман. Ўзи ҳажвчи бўлгани учун кўп шеърлари қизиқарли, содда ва равон”, дейди Анвар Обиджоннинг турмуш ўртоғи Кароматхон Обиджонова.

Кўрсатувнинг тўлиқ қисмини Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид