Абдулла аканинг “Меҳнат ярмаркаси”

Кунларнинг бирида пойтахтнинг Эски шаҳар тарафига йўлимиз тушиб, “Ачовот” маҳалласидан ўтиб бораётсак, бир тўп лўли хотин-халажлар ўзларича бир нималарнидир бақир-чақир қилиб, муҳокама қилаётганига кўзимиз тушди. Абдулла ака машинани тўхтатишни буюрди. Улардан сал ўтиб тўхтадик. Хаёлимда ҳозир Абдулла ака ёниб турган оловга керосин сепади, деган ўй келди. Бироқ воқеа ривожи бошқача тусда кечди. Абдулла акани кўриб ғала-ғовур қилаётган аёллар бирдан тинчиб, уни ўраб олишди. Бири қўйиб, бири гапирар, аммо гап нимада эканлигини англаб бўлмасди. Шу пайт уларнинг орасидан бир кампир чиқиб, ҳиндуларга ўхшаб ўнг қўлини кўтарган эди, ҳаммаси тинчиди-қолди. У Абдулла ака билан худди қадрдонлардай сўраша кетди. “Энанг айлансин, ўзимнинг шоир бачам, депутат бачам! Қачон сени ойна қути (телевизор)да кўрсам, бир гаплашишга орзуманд бўлардим. Худонинг ўзи сени бизга етказди. У тўпдагилардан бирига қарата: “Ҳой, Азмининг бачаси, тез уйингга чоп, курси келтир”, деди. Дам ўтмай, курси хам келтирилди. Уни тасвирлаш учун одам бинойидек рассом бўлиши керак, менимча. Курсининг икки оёғи узумнинг зангидан, қолгани тол шохидан ясалганга ўхшарди. Ўтиргичининг қопламасиям камида беш хил матодан қопланган. Хуллас, Абдулла ака курсига чўкди ва машварат бошланди. Бу орада ўтган-кетганлар ҳам қизиқиб, “кўчамажлисига” қўшиларди.

Кампир гап бошлади: “Абдуллажон бачам, мана ўзинг кўр, йўлнинг нариёғи “Чинни заводи”. Аммо у ерга бирор-бир лўли бачасини ишга олишмайди. Ўғриликни ўзлари қилиб, айбни нуқул лўли бачаларга тўнкашади. Ташмачилари ташиб чиқиб, чойнак, пиёла, косани бизга пуллашади. Мелиса деганиям, суякка ўрганган кучукдай, бачаларни пойлагани пойлаган. Чойнак, пиёлани қўйиб тур, таги тешик тоғораси йўқолсаям, ўғри ким - лўли бача! Ахир ўзинг ўйла, ишлай деса, иш бермаса, кўчада тиланчилик қиса, ушлаб кетса, уйига қуруқ қайтса, отасидан хипчин еса, нима қилсин шу бечоралар. Улар ҳам инсон боласи-ку. Иш сўраб борсак, бири ҳайдаб солади, бировида бир хил жавоб: “Айтамиз, ест қиламиз!" Бир ёрдам бер, шоир бачам, сени Худо ярлақасин”, деди ва қўлини очиб, лўлича шевада узундан узоқ дуо қилди. Ҳа, айтганча: “Инимни” танисанг керак, уни Расул Раҳмон, дейишади.

Катта одам бўлсаям, бизга қайишади, тарафимизни олади”, деди ғурур билан. Шу тобда тўпланганлардан бири: “Иби, око мулло шоир, лўли қизлар ҳам эрини, бачаларини яхши кўради, топганини уйига ташийди, бузоқнинг ҳаққи бор деб, сигирнинг сутиниям ичмайди. Бизга атаб ҳам бир шеър ёзинг, маза қилайлик, косангиз чиннидан бўлсин, айланай Сиздан!” - деди. Унинг гапига Абдулла ака мийиғида кулиб қуйди. Сўнгра икки-уч кундан кейин учрашишга ваъдалашиб, улар билан хайрлашди. Шу куниёқ Абдулла ака ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси А.Фозилбеков билан бу масалада телефон орқали гаплашиб, улар индин куни Ачовот маҳалласида учрашиш вақти-соатини келишиб олишди. Менга эса топшириқ берди: “Шоир, Ачовотга бориб, ҳалиги кампиршони топасан. Унга учрашув вақтини билдириб, фақат ишсиз эркак ва аёлларни ёнига олиб, заводнинг олдида кутиб туришни, ғала–ғовур қилмасликни, бола-чақасини етаклаб бормасликларини, тайинлаб айт!” Хуллас, ҳозирги замон тили билан айтганда, Абдулла аканинг “Меҳнат ярмаркаси”да қирққа яқин Ачовот маҳалласининг фуқаролари доимий иш ўрнига эга бўлган эди.