Ўзбекистон | 15:59 / 31.03.2020
85428
4 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида ҳам икки бемор бор. Вазирлик вилоятлардаги ҳолатлар тўғрисида маълумот берди

Айни вақтда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари яна 7 ҳудудида коронавирусдан чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида даволанаётган беморлар тўғрисида маълумот берди.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 158 ҳолат қайд этилган, шундан 7 киши тузалган, 2 киши вафот этган. Айни вақтда республикадаги шифохоналарда жами 149 бемор даволанмоқда. Шундан 84 нафари Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида қолмоқда. Вилоятларда эса жами 65 нафар бемор даволанишга ётқизилган.

Жумладан, Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволаниш учун ётқизилган. Фарғона ушбу кўрсаткич бўйича Тошкент шаҳридан кейинги ўринда туради.

Фарғонадаги беморларнинг 9 нафари фарғоналик, 4 нафари андижонлик, 1 нафари жиззахлик, 3 нафари самарқандлик, 7 нафари тошкентлик, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Касалликка чалинганларнинг 17 нафари шу йилнинг  25 март куни битта рейсда Туркиядан Фарғонага чартер рейсда келишган йуловчилар орасида аниқланган. Шу куниёқ улар стационар карантинга олиниб, касаллик тасдиқлангач ихтисослашган тиббиёт муассасасига ўтказилган.

Наманган вилоятида 15 ҳолатда ушбу инфекция аниқланган. Уларнинг 13 нафари 12-13 март кунлари Туркия сафарида бўлиб қайтган икки нафар коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқародан вирус юқтириб олишган. Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Вилоятда аниқланган беморлардан бири вафот этган.

Андижон вилоятида 8 бемор бор ва уларнинг барчаси андижонликлар. Бу беморлар айни вақтда Хўжаобод тумани юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда. Бундан ташқари бошқа вилоятларда яна 6 нафар андижонлик бемор бор - 2 нафари Бухорода, 4 нафари Фарғонада вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Хоразм вилоятида 6 нафар бемор даволанмоқда, шундан бир нафари хоразмлик. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бундан ташқари, яна 5 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 2 нафари сурхондарёлик, 1 нафари бухоролик, 1 нафари қорақалпоғистонлик, 1 нафари эса фарғоналик ҳисобланади.

Бухоро вилоятида жами 8 кишига коронавирус ташхиси қўйилган - Андижон ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан бемор даволанмоқда. Уларнинг 4 нафари 22 март куни Истанбул – Бухоро чартер рейсида ва яна 4 нафари эса 24 март куни Москва – Бухоро чартер рейсида келган ва карантинга олинган, касаллиги тасдиқланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанишмоқда.

Бундан ташқари, юқорида таъкидланганидек, шу йилнинг 28 март куни Москвадан чартер рейсида келиб, касаллиги тасдиқланган 2 нафар бухоролик Тошкент шаҳрида ва 22 март куни Москвадан чартер рейсида Урганчга учган бир нафар ушбу вилоят фуқароси Хоразм юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Қашқадарё вилоятида 1 бемор қайд этилган. У вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Яна икки нафар қашқадарёликда ушбу инфекция аниқланган, 21 март ва 28 март кунлари Москвадан келган шаҳрисабзлик ва яккабоғлик фуқаролар Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида муолажа олишмоқда.

Навоий вилоятида ҳам 2 кишига коронавирус ташхиси қўйилган, асли навоийлик бўлган бемор ва у билан мулоқотда бўлган фуқарода инфекция аниқланиб, вилоят юқумли касалликларга ихтисослашган муассасада даволанишмоқда.

«Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ҳақида батафсил маълумот бериб боришда давом этамиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид