Иқтисодиёт | 20:21 / 09.02.2021
16812
2 дақиқада ўқилади

2025 йилгача иссиқхона ва газ қуйиш шохобчалари қурилишига ер ажратилмаслиги мумкин. ССП бунга эътироз билдирди

2025 йил 1 январга қадар автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари, табиий газдан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда иссқихона хўжаликлари қурилишига ер ажратилмаслиги мумкин. Савдо-саноат палатаси бу таклиф ишбилармонлик муҳити ёмонлашувига сабаб бўлади, деб ҳисобламоқда.

Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ёқилғи-энергия ресурсларидан янада самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси (ID-26429) жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди. Лойиҳага кўра, 2025 йил 1 январгача республика ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда табиий газдан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари, жумладан, пишган ғишт, оҳак ва гипс ишлаб чиқариш корхоналари, иссиқхона хўжаликлари қурилишига ер участкалари ажратилишига мораторий эълон қилинади.

Савдо-саноат палатаси хулосасига кўра, қарор лойиҳасидаги ушбу таклиф етказиб бериладиган табиий газ ресурслари чекланганлиги ҳамда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқлик таъминоти корхоналарига табиий газ етказиб бериш билан асослантирилган бўлса-да, аслида ушбу норма табиий газ муаммосига ечим бўла олмайди, аксинча, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир қилади.

Шунингдек, ССП хулосасида «таклиф этилаётган тартиб амалда автотранспорт воситалари ёқилғиси, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиб кетишига, озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари экспорти пасайиб кетишига олиб келади. Шунингдек, аҳоли сони ошиб бораётган бир пайтда бу норманинг белгиланиши ишсизлик муаммоларини келтириб чиқариш мумкинлиги» айтилган.

Таъкидланишича, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш масалалари Ер кодекси ҳамда президент фармонлари билан белгилангани боис, юридик жиҳатдан қуйи турувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бундай чеклов жорий этилиши бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид келиши мумкин.

Савдо-саноат палатаси иссиқхона, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва автомобилларга газ қуйиш шохобчалари қурилишлари учун ер ажратилишига мораторий эълон қилинишини муаммога бир томонлама ўйланган ечим, шу билан бирга, бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид