Ўзбекистон | 21:40 / 10.02.2023
24115
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлардан 2 млрд сўм, фаоллардан 1 тонна ош — қардош халққа ёрдам давом этмоқда

Ўзбек халқи мусибат кунларида Туркияга катта ҳажмда инсонпарварлик ёрдами юборяпти. Тошкентда, вилоятларда ва Туркиянинг ўзида ватандошларнинг кўнгилли гуруҳлари маблағ, моддий буюмлар юбориш ва бевосита жисмоний кўмак кўрсатиш тарзида зилзиладан жабрланганларга елкадош бўлмоқда.

6 феврал куни Туркияда мисли кўрилмаган зилзила мамлакатга катта талафот олиб келди. Шундан сўнг Ўзбекистон зудлик билан Туркияга ФВВ вакилларидан иборат 100 кишилик тезкор отрядни, кейинроқ эса 71 кишилик қўшимча гуруҳ ва гуманитар ёрдам партиясини жўнатди.

Аҳолидан инсонпарварлик ёрдамини йиғиш ва уни юбориш учун Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси билан ҳамкорликда махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган бу штабда керакли маҳсулотлар йиғилмоқда.

Юборилаётган ёрдам ичидаги зарур нарсалар рўйхатига болалар ва катталар учун қишки кийимлар, чодир, ётоқ, иситиш воситалари, генераторлар, чидамли озиқ-овқат консервалари, чақалоқлар бўтқаси ва тагликлари, тозалаш ва гигиена воситалари киритилган. Маълумотларга кўра, ташаббус бошлангандан бери ҳозиргача 80 тоннадан ортиқ маҳсулотлар йиғиб бўлинган. Улар олиб борилган жойда ҳам яхши сақланиши учун мустаҳкам қилиб қадоқланмоқда.

Қолаверса, худди шундай ёрдам Яшнабод туманидаги “Технопарк” мажмуасига ҳам олиб келиняпти.

“Технопарк”да йўлга қўйилган штаб фаолиятидан суратлар / Фото: Gazeta.uz
“Технопарк”да йўлга қўйилган штаб фаолиятидан суратлар / Фото: Gazeta.uz
“Технопарк”да йўлга қўйилган штаб фаолиятидан суратлар / Фото: Gazeta.uz

Бу жараёнда таниқли тадбиркор Мурод Назаров ҳам қатнашиб, ўзининг Facebook саҳифасида 2 соат ичида ҳамкасбларидан 2 млрд сўм йиғиб берганини ёзган.

Мурод Назаровнинг Facebook саҳифасидан олинган скрин

Туркиянинг ўзидан туриб ҳам талафот кўрганларга ёрдам бераётган юртдошларимиз талайгина. Шу давлатда яшаб келаётган ватандошимиз Наргиза Унал жабрланган одамлар учун 11,5 минг доллар йиғганини айтган.

“Click’нинг ўзига 11,5 минг доллар йиғилди, ундан ташқари “золотая корона” орқали 8 минг лира жўнатишибди. Россия картасига минг доллардан ортиқ пул йиғилган. Ҳозир шошилинч бўлгани учун 11,5 минг долларни нақд қилиб олганмиз, ундан кейин қолганини ҳам нақдлаштирамиз. Пулингиз учун хавотир олманг, ҳаммаси тўғри сарфланади”,– дейди Наргиза Унал YouTube'га жойлаган видеосида.

Наргиза Уналнинг YouTube саҳифасига жойланган видеодан скриншот

Туркиядаги “Ўзбекистон ёшлари” жамиятининг Бурсадаги вакили ҳамда кўнгилли ёшларимиз ҳам жабрланганларга инсонпарварлик ёрдамини юборишда фаол қатнашмоқда.

“Бурсада имконияти етганлар пул шаклида ёрдам қилишмоқда, баъзилар ўзининг иссиқ кийим-кечакларини ёки уйидаги иссиқ чойшабларни олиб келмоқда. Жамият аъзоларининг деярли ҳаммаси талаба бўлгани учун у даражада катта ёрдам қилишнинг иложи бўлмаяпти, аммо қўлдан келганча бу ишларга кўмак берилмоқда”, – дейди "Ўзбекистон ёшлари" жамиятининг Бурсадаги вакили Фазлиддин Ҳамдамов.

Бурсадаги гуманитар ёрдамни жўнатишда фаол қатнашаётган ўзбек ёшлари

“Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси вакиллари Истанбулдан минг км йўл босиб, Хатайга етиб борган ва одамларга 1 тонна ош тайёрлаб, тарқатишганини маълум қилди.

Бу жараёнда ўзбеклардан иборат “Registon TV” жамоаси ҳам ташаббус кўрсатиб, зилзила ўчоқларидан бири бўлган Қаҳрамонмарашдаги Элбистон шаҳрига борган ва 100 кг ош пишириб, 500 кишига тарқатган.

Эслатиб ўтамиз, турк халқи учун инсонпарварлик ёрдамини йиғиш ҳали ҳам давом этмоқда. Истаганлар ҳар қандай кўринишдаги ёрдамини Яккасаройдаги Тошкент енгил-саноат ва тўқимачилик мажмуаси ҳамда Яшнабоддаги Технопарк биносига олиб бориши мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Монтаж устаси – Асрор Алмурадов

Мавзуга оид