Ўзбекистон | 14:41 / 30.01.2026
3195
1 дақиқада ўқилади

Туркияга ишга чиқиш осонлашади: малака баҳолаш ва сертификатлаш бошланади

Миграция агентлиги Туркиянинг Arya ташкилоти билан битим имзолади. Энди Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятларида 25 та касб бўйича мутахассислар турк стандарти асосида баҳоланиб, сертификат олади. 2026 йилда эса 1 500 нафар сертификатли мутахассис Туркиянинг Мерсин вилоятидаги Akkuyu АЭСдаги юқори даромадли иш ўринларига йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Миграция агентлиги

Миграция агентлиги Туркиянинг Arya ташкилоти билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Ушбу келишув Туркияда меҳнат қилишни режалаштираётган юртдошлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.

Битимга мувофиқ, эндиликда Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятларида 25 та касб бўйича мутахассислар турк стандарти асосида малака баҳолаш жараёнларидан ўтади ва натижада сертификатга эга бўлади. Бу эса ишга жойлашишда талабгорликни ошириш, касбий маҳоратни расман тасдиқлаш ҳамда меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишга хизмат қилиши қайд этилмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур ташаббус натижасида 2026 йилда 1 500 нафар сертификатга эга мутахассис Туркиянинг Мерсин вилоятида жойлашган Akkuyu атом электр станциясидаги юқори даромадли иш ўринларига жойлаштирилиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, лойиҳа нафақат ишга жойлашиш, балки мутахассисларнинг малакасини халқаро талаблар асосида баҳолаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда меҳнат шартларини шаффофлаштиришга қаратилган йўналишларни ҳам қамраб олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид