Оилали эканлиги учун прописка рад қилинган фуқаро ҳам судда ютиб чиқди
Жорий йилнинг 24 июнь куни Kun.uz сайтида «Биргаликда уй сотиб олган фуқаролар прописка масаласида судда ютиб чиқди» сарлавҳали хабар эълон қилинганди. Хабарда биргаликда умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган уй-жой эгаларини доимий пропискага қўйиш дастлаб рад этилгани, мазкур масала Яшнобод туман маъмурий судида кўрилиб, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилгани, унинг зиммасига шикоят йўллаган 3 нафар фуқарони тегишли манзил бўйича рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ доимий прописка қилиш мажбурияти юклангани ҳақида баён қилинган эди.
Kun.uz нашри олган маълумотларга кўра, прописка масаласида яна бир ҳолатда «паспорт столи»нинг кураги ерга теккизилган. Маълум бўлишича, фуқаро Ш.Ж.нинг отаси ва онаси биргаликда жорий йилнинг март ойида умумий мулк ҳуқуқи асосида Тошкент шаҳри Яшнобод туманида бунёд этилган янги квартиралардан бирини биргаликда харид қилишади. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Яшнобод туман бўлими томонидан мазкур фуқароларга сотиб олинган квартира учун мулкка эгалик ҳуқуқи берилади. Мулк эгалари рўйхатнинг 1-бандига асосан ушбу мулк жойлашган манзил бўйича доимий прописка қилинади. Бироқ, Ш.Ж.нинг тўғри шажара бўйича яқин қариндош (фарзанди) сифатида доимий пропискага қўйиш тўғрисидаги аризаси Яшнобод туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг 10.04.2019 йилдаги 27/62-Ж-9860-сонли жавоб хатига асосан рад этилади.
Мазкур идоранинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган фуқаро Ш.Ж. Яшнобод туман маъмурий судига шикоят аризаси киритади.
Ариза Яшнобод туман маъмурий суди судьяси А.А.Юнусов раислигида кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 29 май кунидаги ҳал қилув қарори билан тўлиқ қаноатлантирилди.
Суд қарорига мувофиқ, Яшнобод туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, ташкилот зиммасига шикоят йўллаган фуқарони тегишли манзил бўйича Рўйхатнинг 2-бандига асосан доимий рўйхатга қўйиш мажбурияти юкланди.
Суднинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.02.2012 йилдаги 41-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-2-бандига биноан Рўйхатнинг 1 ва 8-бандлари асосида Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Рўйхатнинг 2-банди асосида прописка қилиниши лозим. Суднинг таъкидлашича, ҳеч қайси ҳуқуқий ҳужжатда Тошкент шаҳридан янги уй-жой сотиб олиб, 1-банд билан пропискага кирган фуқароларнинг ўз оиласига эга бўлган вояга етган болалари Рўйхатнинг 2-банди билан доимий прописка қилинмаслиги кўрсатилмаган.
Қизиқ томони, «паспорт стол» вакиллари судда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги №22/25297-сонли кўрсатма хатини асос келтириб, ушбу кўрсатма хатда оиласи бор вояга етган фарзандлар 2-банд билан пропискага киритилмаслиги қайд этилганини баён қилишган.
Суд ушбу ҳолатга ҳам аниқлик киритиб, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 14.12.2017 йилдаги №22/25297-сонли кўрсатма хати ҳуқуқий ҳужжат эмаслиги, шунингдек ундаги қоида амалдаги қонун ҳужжатларига зидлиги сабабли «паспорт стол»нинг ушбу важларини инобатга олмасликка қарор қилган.
Таҳририят: Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган, «паспорт стол» апелляция билан мурожаат қилмаган.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, мазкур масалада ички ишлар органларининг хатти-ҳаракатлари қонунчиликка зид бўлмоқда ва бу судлар томонидан расман тасдиқланди. Бизни фақат биргина савол ўйлантиради: ички ишлар органлари қонунга хилоф кўрсатмаси асосида бундан кейин ҳам ушбу масалада бошқа фуқароларга асоссиз рад жавоби беришда давом этармикин ёки ўзига тўғри хулоса чиқариб, қонунларга амал қилишни бошлармикин? Фуқаролар наҳотки қонунларда белгиланган ҳуқуқларини юзага чиқариш учун албатта судларга мурожаат қилиши шарт бўлса?
Умид қиламизки, Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олади ва қуйи бўғинлардаги қонунсизликни бартараф этиш, фуқароларни асоссиз сарсон ва саргардон қилмаслик бўйича жиддий топшириқ беради.
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023