Ўзбекистон | 18:41 / 09.08.2023
18059
4 дақиқада ўқилади

Сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълимга ўтказилади - Абдували Холиқов

Келгусида сиртқи таълимда маълум соҳада 3 йилдан 5 йилгача вақт мобайнида фаолият олиб борганлар, умуман, бирор йўналишда ишлаб турганлар ўқиши мумкинлиги айтилди. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов Ўзбекистонда сиртқи таълим шаклининг истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, сиртқи таълим қайсидир соҳада фаолият юритаётган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун жорий этилади.

– Танқидларга кўра, [сиртқи таълим шаклида йилига] атиги икки ой давом этадиган дарсларда талабалар керакли билимларга эга бўла олмаслиги қайд этилади, деди Абдували Холиқов. – Бу каби эътирозлар қайсидир маънода ўринли. Аслида сиртқи таълим қайсидир соҳада фаолият юритаётган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун жорий этилиши керак. Лекин  мамлакатимиздаги таълим муассасаларида таълимнинг бу йўналишидан барча бирдек фойдаланиши мумкин. 

Холиқов сўзларига кўра, 2023-2024 ўқув йили учун педагогик йўналишлар бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмади.

– Давлат раҳбарининг 2022 йил 21 июндаги «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи муассасалардаги йўналишлар бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмаслиги белгилаб қўйилган, деди у. – Қарорга кўра, педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги бўлимда таълим олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари 4+2 тартибида, яъни, дарсларнинг 4 куни аудиторияда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилишини таъминлаши лозим.

Мутахассиснинг таъкидлашича, келгусида сиртқи таълимда маълум соҳада 3 йилдан 5 йилгача вақт мобайнида ишлаганлар ўқиши мумкин. 

– Бугунги кунда сиртқи таълимда бир ўқув йилида икки марта дарс ўтилади. Бошқа соҳаларда ҳам сиртқи таълим шакли учун меҳнат стажи талаб этилиши режалаштирилган. Келгусида сиртқи таълимда маълум соҳада 3 йилдан 5 йилгача вақт мобайнида фаолият олиб борганлар, умуман бирор йўналишда ишлаб турганлар ўқиши мумкин, деди у. – Шунингдек, айрим таълим муассасаларида масофавий таълим йўналиши ҳам жорий этилган. Масофавий таълимда талабаларга доимий равишда керакли вазифалар юкланади. Сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофий таълимга ўтказилади. Бугун 14 та таълим муассасасида масофавий таълим учун қабул жараёнлари амалга оширилмоқда. Масофавий таълим шаклини амалиётда кенг тадбиқ этиш учун биз техник томондан тайёр бўлишимиз керак. Айтайлик, узоқ ҳудудда яшовчи талабада техник имкониятлар етарли бўлмаса, бу ҳам ўқиш жараёнига салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Интернетнинг мавжудлиги, тезлиги бу борада жуда муҳим. 

Холиқов сўзларига кўра, сиртқи таълим шакли бугунги кунда эскирган.

– Сиртқи таълим шакли узоқ йиллар давомида тўхтатиб қўйилган эди. Беш йил олдин қайта тикланди. Сиртқи таълим шаклини ривожлантириш бирмунча вақт талаб этадиган жараён. Бугунги кунда таълимнинг бу шакли эскирган тизимга киради. Сиртқи таълим шаклидан воз кечилиши керак, деди мутахассис.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид