Жамият | 20:07 / 30.05.2021
53302
7 дақиқада ўқилади

«Келганимда ҳаётим тугади деб ўйлаганман» — Қамоқда олтинчи йилини ўтказаётган аёл ҳикояси

«Мен, маҳкума Наргиза Давлатова, Зангиотаданман. Ёшим 30да. ЖКнинг 135-моддаси билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилганман. 2015 йилда жазони ўташга шу колонияга олиб келишган. Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Онам, 10 нафар ака-опаларим бор. Оилада энг кенжа фарзандман. 2 фарзандим: қизим, ўғлим бор. Бу ерга келганимда қизим 7 ёш, ўғлим 3 ёш эди». 

«Кимгадир яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилаётганимни англаб етмаганман»

Одам савдоси билан шуғулланганман. Алдов йўли билан қизларни чет элга чиқарганим учун жазо муддатини ўтаяпман. Кимгадир яхшилик қиламан, деб, аслида, ёмонлик қилаётганимни англаб етмаганман. 6 йил-у 4 ойдан бери шу ердаман. Жазо муддатини ўтаётганимда ўзим учун тўғри хулосалар чиқардим. Ўша пайти ёш бўлганман. Кўп нарсаларга ақлим етмаган, қилаётган ишим хатолигини билмаганман. 

«Болаларимни эркаласам, биз катта бўлиб қолдик, дейишади»

Колонияда бўлган давримда жуда кўп йўқотишларга дуч келдим. Чунки бирин-кетин акаларим оламдан ўтди. Оилада фарзандларим она меҳрини кўрмай катта бўляпти. Назаримда, фарзандларим ҳали ёш. Қамалган вақтимда уларнинг болалиги ҳалиям кўз ўнгимда қолган. Қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга келишади. Улар менсиз улғайишмоқда. Уларни эркаласам, ойижон, биз катта бўлиб қолдик, дейишади. 

Фарзандларимнинг ойижон, қачон олдимизга қайтасиз, деб сўрашлари мени ҳақиқатан қийнайди. Бу ерда мени фақат соғинч азоби қийнайди. Йиллар давомида оилам, қариндошларим қадрига етдим. Уларсиз ҳаётда яшаш жуда қийин экан. Онам, яқинларим, фарзандларим учун курашишга, улар учун яшашга интиламан.

«Қандай яшаш танлови фақат ўз қўлимизда»

Ҳар бир инсон қандайдир хато қилса, фақат ўзи сабабчи бўлади. Биз тақдиримиз шу экан, деб қўямиз. Йўқ, ундай эмас. Аллоҳ ёзган, буюрган бўлиши мумкин, лекин инсон барибир ўз тақдирини ўзи бошқарар экан. Мана шу хатоларга йўл қўйиб колонияга келишимга, тўрт девор орасида ўтиришимга ўзим айбдорман. 

«Борига шукр қилмадим»

Онам, турмуш ўртоғим айтганларига кўнмадим. Борига шукр қилмадим. Турмуш ўртоғим топганига сабр қилмадим. Кимдандир кўпроқ егим-ичгим, кийгим келди. Ўша пайтлари жуда катта хатоларга йўл қўйганман. Мана шу қилганларим жабрини шунча йилдан бери тортиб келяпман. 

Бозорда савдо қилардим. Туркияга бориб товар олиб келардик. Ўша ерда бир ўзбек аёл билан танишганман. У Туркия фуқаролигини олган эди. Асли самарқандлик аёл. Туркияга борсам, ўша аёлнинг уйига борардим, ўша ердан бозорга бориб, товарлар олиб келардим. Шундай қилиб таниш бўлиб кетгандим. 1,5 йилча вақт ўтгачгина у қизларни уйида сақлашини билганман. Чунки мен қизлар турадиган уйга эмас, ўзи яшайдиган уйига борганман. У мени қизлар турадиган жойга олиб боргандан кейин қилаётган иши ҳақида айтиб берди ва мени ҳам шу ишга таклиф қилди. 

Барибир аёлман-да. Қанча бўлса ҳам шунча кам, деб ўйларканмиз. Пулим кўпроқ бўлишини хоҳлаганман. Ўзбекистондан қийналган, хорижга чиқиб ишлашни истаган қизларни топиб, хорижга чиқариб юборсанг, уларга ҳам, ўзингга ҳам ёрдам бераман, деди. Бу ишим жиноят эканлигини билганман. Лекин ўз нафсим қули бўлганман. Турмуш ўртоғим Тошкентда компанияда ишлаган. Топиш-тутиши яхши бўлган, лекин мен борига қаноат қилмаганман, ўзимча мол-дунё тўплаш орзусида яшаганман.

«Йилларимни йўқотиб қўйдим»

Қамалганимдан кейин биринчи йил сезилмади. Уйимдагилар келиб кўриб кетади, деб ўйладим. Йиллар ўтиши ўз таъсирини ўтказиб боравераркан. Кўп нарсаларни йўқотиб қўйдим ҳаётда. Ортга қарасам, йилларимни йўқотибман. Шу вақт мобайнида нималар қилишим мумкин эди? Фарзандларим, оилам учун шукр қилиб яшаганимда, балки, яна фарзандларим бўлиши мумкин эди. 

Тўрт девор ичида бўлганимда, яқинларимни йўқотдим. Акаларим, опаларим бевақт оламдан ўтишганда розилигини ололмадим, улар мендан розилик ололмади. Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Ўзимга ўзим душман бўлдим, десам ҳам бўлаверади. Хато қилиб, шу жойларга келмаганимда, балки, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди, деб ўйлайман. Бўлган ишлардан ўзимни кечиролмайман. Агар ўша хатоларни қилмаганимда, ҳозир бу ерда афсус қилиб кўз ёш тўкиб ўтирмасдим.

«Болалигим энг бахтли йилларим бўлган»

Эсма-эс эслайман: тилим чиқиб, дада, она, деб юрган пайтларим энг бахтли йилларим бўлган. «Ойи», деб эмас, «дада» деб тилим чиққан. Уйдагилар ҳам сен даданг қизисан, дейишади. Турмушга чиқиб, гулдай оиланинг бекаси бўлганим, фарзандли бўлганим ҳам менинг энг бахтли кунларимдан бири бўлган.

Яна бахтли бўлишни хоҳлайман. Бу ердан чиққанимдан сўнг фарзандларимни ўқимишли, олий маълумотли қилишни истайман. Қолган умримни чиройли қилиб ўтказай дейман.

«Йўқотган йилларимни ортга қайтара олмайман»

Қарийб 7 йилдан бери ташқарида нималар ўзгариб кетганини тасаввур қилолмайман. Ҳозир Тошкентни танимайман. Ҳозир чиқсам адашаман, деб чўчийман. Дарвозадан чиқишим билан уйдагиларга телефон қилиб чақираман, дейман.  

Бу ердан чиққач, йўқотган йилларимни ортга қайтара оламан, деб ўйламайман. Чунки ёшлигим шу ерда ўтиб кетди. 7 йил олдинги куч-қувватим ҳозир йўқ. Йиллар ўз таъсирини кўрсатиб боравераркан. Олдингидай бўлмайди ҳеч нарса. Бахтли бўлишга ҳаракат қиламан. Лекин битта нарсани ўйлайман: Аллоҳ менга бу синовни бердими, албатта, ажрини ҳам беради. 

Бу ерга келишни душманимга ҳам раво кўрмасдим. Тўғри, бу ерда сизни ҳеч ким урмайди, сўкмайди, шароитлар бор яшаш учун. Лекин бу ерда бизни соғинч азоби қийнайди, йилларимизни йўқотяпмиз. Бу ер аёллар жойи эмас. Аёлларнинг жойи оиласи бағрида экан. Ҳар йили ўзимга айтаман: сен аёлсан, онасан, сенинг ўрнинг фарзандларинг, оиланг бағрида. Сен уларнинг ёнида бўлишинг керак. Ёшим ўтиб боряпти: мен ёшармаяпман, қарияпман. 

«Маҳкумалик либосини кийганимда, умримнинг охирги нуқтасига етиб келибман, деб ўйладим»

Бу ерда маҳкумалар бир хил форма кийишади. Формани биринчи марта кийганимда ўзимни жуда ёмон ҳис қилганман. Бўлди, ҳаётим тугади, деб ўйлаганман. Мен умримнинг охирги нуқтасига келдим, деб тасаввур қилдим. Мен учун яшаш тўхтади, нафас олишдан тўхтадим, деб ўйладим. Ўша пайти ўтган кечмишимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Қисқача айтганда, мен ўлдим, деб ўйладим. Оиламни кўрмай 8 йил мана шу аҳволда яшасам керак деган хаёл ўтган менда. Тирик мурдадек эдим ўшанда. 

Бу ерда ҳамма бир хил форма кийишининг сабаби ҳамма бир хил кўрилади бу ерда. У бойми, камбағалми, фарқи йўқ. Аллоҳ олдида барчамиз бир эканимизни ҳам эслатиб туради бу либос. 

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид