Жаҳон | 08:14 / 14.08.2023
8560
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайидаги ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони 90 кишидан ошди

АҚШнинг Ҳавайи штати Мауи оролидаги Лахайна шаҳрини вайрон қилган ёнғин АҚШ тарихида сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли ёнғин сифатида баҳоланяпти.

Фото: Reuters

АҚШнинг Ҳавайи штатидаги Мауи оролида содир бўлган ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони 93 кишига етди. Бу ҳақда 13 август, якшанба куни давлат органларига таяниб, жаҳон ахборот агентликлари хабар берди.

Айни пайтда, губернатор Жош Грин, ёнғин натижасида вайрон бўлган тарихий Лахайна шаҳри харобаларини ўрганиш ҳали якунланмаганлиги сабабли қурбонлар сонига ҳали аниқлик киритилишини тахмин қилмоқда. Қайд этилишича, ёнғин оқибатида шаҳардаги 2200 та бино вайрон бўлган ёки зарар кўрган, уларнинг 86 фоизи турар жой бинолари, 850 гектар ер ёниб кетган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик (FEMA) Лахайнани тиклаш 5,5 миллиард долларга тушишини тахмин қилмоқда.

Ёнғин ҳақида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш тизимини текшириш 

Шу билан бирга, Жош Грин ва Ҳавайи бош прокурори Анне Лопес аҳоли ёнғин хавфи ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилганми ёки йўқлигини текширишини эълон қилди. Ёнғин ҳолатида тревога сигналини берувчи махсус сиреналар ишламаган, деб эслатади Reuters. Уяли алоқа тармоғидаги носозликлар ва электр энергиясидаги узилишлар эса одамларни хавф ҳақида бошқа йўл билан огоҳлантиришга имкон бермаган.

Айни пайтда, АҚШ расмийлари Мауи оролидаги ўрмон ёнғинининг ҳалокатли оқибатлари бир қатор омиллар билан боғлиқ деб ҳисобламоқда: бу нафақат алоқа тизимидаги узилишлар, балки соатига 130 км тезликда эсган бўронли шамоллар, шунингдек, Лахайнадан ўнлаб километр узоқликда жойлашган ҳудудда келиб чиққан ўрмон ёнғинлари туфайли ҳам юз берган  бўлиши мумкин. 

AP таъкидлашича, Ҳавайидаги ёнғин аллақачон Қўшма Штатларда сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли ўрмон ёнғинига айланди. 

Мавзуга оид