Жамият | 16:21 / 06.06.2024
6447
7 дақиқада ўқилади

Ложувард денгиз, оппоқ уйлар, тоза ҳаво ва чаманзор — етти мўъжизадан бири жойлашган Бодрум манзаралари

Asialuxe Travel билан ўтаётган саёҳатнинг навбатдаги манзили Бодрум бўлди. Туркиянинг жанубий ғарбида жойлашган мўъжаз Бодрум ўзбекистонликлар учун ҳали унчалик таниш бўлмаган сўлим масканлардан биридир. Бу ердаги тоза ҳаво ва тиниқ ложувард денгиз мароқли дам олишингизда доимо ҳамроҳ бўлади.

Бодрумга етиб бориш қийин эмас. Uzbekistan Аirways шанба кунлари Милас-Бодрум аэропортига тўғридан тўғри мавсумий чартерларни амалга оширмоқда. Бу — Эгей денгизи бўйлаб сайр қилиш учун ажойиб имконият.

Туркиянинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ Бодрум яриморолида қарағайли ўрмонзорларни кўрмайсиз, қояли ва сердарахтли кичик тоғлар ўзимизнинг Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги Тахтиқорача довонини эслатиб юборади. Шаҳар яшиллик ва гулларга бурканган. Гул ўстиришга бўлган ҳафсала ва эътибордан лол қоласиз.

Ҳавоси жуда майин ва мўътадил, доим енгил шабада эсиб туради. Айни кунларда ҳаво ҳарорати +30...+32, денгизда эса +24 даража, бемалол, маза қилиб чўмилса бўлади. Туркиянинг Ўрта Ер денгизи бўйида жойлашган бошқа шаҳарларидаги сингари димлик ва намлик йўқ. Бемалол, оилавий дам олиш учун ажойиб маскан.

Эгей денгизининг Kefaluka Resort ҳотелидан кўриниши

Бодрум Туркиянинг қизил томли бошқа шаҳарларидан ўз архитектураси билан ҳам буткул фарқланади. Бу ерда барча уйларнинг томи черепица ёки бошқа томёпмалар билан ёпилмаган, уйларнинг максимал рухсат этилган баландлиги 3 қават, уйлар асосан 2 қаватли ва энг асосийси — уларнинг барчаси оқ рангда. Бу ҳам шаҳарга қандайдир ўзига хос маҳобат ва орасталик бахш этади.

Уйлар маълум бир архитектура билан қурилади ва бу стандартга шаҳарда қатъий риоя қилиниши шарт экан. Қолаверса, Бодрум қаршисида Грециянинг Кос ороли жойлашган. Бир пайтлар бу ерда юнонлар яшаган. Шу сабабми, билмадим, турк архитектурасидан кўра юнон архитектурасининг нуқси ҳар қадамда билиниб туради.

Грециянинг Кос ороли Бодрумдан кўриниши.

Бодрум антик дунёнинг етти мўъжизасидан бири — Ҳаликарнас мақбараси жойлашган маскан ҳам ҳисобланади. Ҳозир 45 метрли мавзолейнинг вайроналари қолган холос. У 1402 йилда вайрон қилинган. Бу иншоот қадимий юнон шоҳи Мавзол шарафига эрамиздан аввалги 360 йилда ҳозирги Бодрумда барпо этилган. (Дарвоқе, мавзолей сўзи мана шу инсоннинг отидан келиб чиққан экан).

Ҳаликарнас мавзолейи вайроналари. Фото: wikipedia

Бодрумда бундан ташқари қадимги юнонлар томонидан барпо этилган шамол тегирмонлари, Бодрум қалъаси каби қадимий осори-атиқалар бор. Бодрум қалъаси кириш дарвозаларининг бир қисми реставрация қилинган. Уни ўраб турган чоҳнинг ҳам бир қисми сақланиб қолган.

Бодрум ҳавоси ниҳоятда тоза. Денгизи эса тиниқ. Куйдирувчи иссиқ йўқ, кундузи ҳам бемалол кўчаларда сайр қилса бўлади. Туристик мавсумда эса чанг тарқалмаслиги учун шаҳарда қурилиш ишлари тўхтатилади, ҳаттоки кўчаларда қурилиш ашёлари ортиб юрувчи юк машиналарининг ҳаракатлари тақиқланади. Барчаси ҳавога чанг ва ғубор тарқалмаслиги, кўчаларда тирбандлик ҳосил бўлмаслиги учун қилинган. Шунингдек, Бодрумда табиатни асраш, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш учун очиқ табиатда пикник қилиш ҳам тақиқланган.

Қизиғи, иссиқ фаслларда денгизда чўмилиш мавсумини болалар бошлаб берар экан. Болакайлар пляжда сувнинг ҳароратидан чўчимасдан денгизга тушдими — мавсум очиқ деб эълон қилинади. Бу йил бу мавсум 5 майдан бошланган. Октябр ойининг ўрталаригача туристик мавсум давом этар экан. Қишки мавсумда ҳаво ҳарорати пасаяди. Шунда ҳам +15 даражадан пастга тушмас экан.

 

Бу ерга туристлар асосан Европа давлатларидан келишади. Келганда ҳам оилавий келишади — бола-чақалари билан. Қариялар эмас, кўпроқ ёш оилалар, шунингдек, ёшлар келишади. Айниқса, британияликлар ва скандинавияликлар кўп. Туркияликларнинг ўзи ҳам Бодрумда дам олишни ёқтиришади. Умуман, Туркия бойларининг барчасида Бодрумда ўз уйи бор экан. Кўпроқ қишни шу сокин ва сўлим гўшада ўтказишар экан.

Энди МДҲ давлатлари, жумладан, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам туристлар келиши кўпаймоқда.

Бодрум ўзининг шишадек тиниқ кўрфазлари билан машҳур. Яхта сайрида Бодрум яриморолининг шунингдек, шаҳар рўпарасида турган Караада (Қора орол)даги шундай кўрфазларга олиб борилади. Бу ердаги тиниқ ва илиқ сувда чўмилиш мумкин.

Бодрум кўчалари ва шаҳаридаги соҳил бўйида сайр қилиш ҳам кишига ўзгача завқ бағишлайди. Чармдан қўл меҳнати билан ясаладиган машҳур Бодрум сандаллари (шиппаклари), маҳаллий ширинликлар ва таомлар, тақинчоқлар савдоси қизғин.

Бодрумликлар азалдан тадбиркор. Ўз уйидан мўъжазгина ошхона очган ва бир неча йиллардан бери хизмат қилиб донг таратган оилалар бор.

Бодрумликлар футболни ҳам севишади. Маҳаллий Бодруспор биринчи лигадаги ўтиш ўйинларида муваффақият қозониб, Суперлигага йўл олибди. Бутун бутун шаҳар нишонлаган шекилли, ҳар қадамда клуб байроқлари осилган. Энди бу шаҳарга «Галатасарай», «Бешиктош», «Трабзонспор» каби гигант клублар меҳмонга келади.

Бодрумда айланиш учун яна иккита масканни тавсия этган бўлардим. Улардан бири Гумушлук (Кумушлик) посёлкаси. Бу ерда авлоддан авлодга ўтиб келаётган таом пишувчи ошхоналар бор. Сувенир дўконлари ҳам бошқа жойлардагидан арзонроқ. Соҳил бўйидаги чиройли манзарада ўтириб дам олиш, таомланиш ҳузур бағишлайди.

Ялиқавақ бухтаси эса ўзининг маринаси (яхталар бандаргоҳи) билан машҳур. Бу ерда хусусий қимматбаҳо яхталарни томоша қилиш, шунингдек, арзонроқ яхталарни ижарага олиб денгизда сайр қилиш мумкин. Шаҳарда дунёга донғи таралган қимматбаҳо брендлар маҳсулотлар дўкони ва бренд ошхоналар ҳам бор. Турк эстрадаси юлдузларининг концертлари ҳам тез-тез ташкиллаштириб турилар экан.

 

 

Мухтасар қилиб айтганда, Бодрум ёзда оилавий мароқли ҳордиқ чиқариш учун муносиб маскан. Сиз унутилмас таассуротлар билан қайтасиз. Муҳими, сарфламоқчи бўлган пулингизга қараб Бодрумда ҳар қандай сифатдаги меҳмонхоналар топиш мумкин. Asialuxe Travel мароқли ҳордиқ чиқариш учун сизга мос вариантни, албатта, тақдим этади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид