Жаҳон | 20:36 / 06.06.2024
26321
3 дақиқада ўқилади

«Саҳифа ёпилган» — Путин Ўзбекистон аҳолиси сони ва Россиянинг империячилик амбициялари бўйича гаплар мантиқсизлиги ҳақида

Владимир Путин Ўзбекистон аҳолиси сони ўсиши суръатидан ҳайратда эканини яширмади ва тез орада Францияни қувиб етиши мумкинлигини айтди.

Фото: РФ президенти матбуот хизмати

Россиянинг бугунги раҳбариятида СССРни тиклаш амбициялари йўқ. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Путин халқаро журналистлар билан учрашув чоғида France-Press агентлиги бош муҳаррири Карим Талбининг саволига жавоб бериш асносида айтиб ўтди

AFP бош муҳаррири Петербургдаги «Газпром» корпорацияси қароргоҳи жойлашган «Лахта-центр» биноси олдида кўтарилган уч байроқ – Россия, СССР ёки Россия империяси байроқларидан қайси бири Путинга яқинроқ экани ҳақида сўраган. Путин бунга жавобан Россия байроғини айтган.

— Бу қанчалик ғалати туюлмасин, «Газпром»нинг қарори. Албатта, жаноб Миллер менга шундай қилмоқчи эканини айтганди. Мен нега, ахир давлат байроғи бор-ку дедим. У эса шундай жавоб берди: бу ҳам тарихимизнинг бир қисми. Мен қаршилик қилмадим.

Барчасининг ўз асоси бор, бор гап шу. Бунда ўзи йўқ нарсани излашнинг ҳожати йўқ, қандайдир империя амбицияларимизни излаш керак эмас – улар йўқ. Улар йўқ, чунки дунё тез ўзгармоқда. Мана, Ўзбекистонни олайлик. У ерда қанча аҳоли борлигини биласизми? Билмайсиз. Францияда ҳозир қанча?

65. Ўзбекистонда – аллақачон 37. Энди эътиборингизни «экранга» қаратинг: ҳар йили бир миллион қўшилмоқда. Миллион – Ўзбекистонда аҳоли ўсиши. Бундай суръатда улар тез орада Францияни қувиб ўтишади. Агар мигрантларни ҳам айириб ташласак, тез орада Францияда ҳам Ўзбекистондагидек бўлиб қолади.

Энди бу гапларнинг сабабини тушунтираман. Агар кимдир бизни қандайдир империя амбицияларида гумон қилаётган бўлса, тасаввур қилиб кўринг: биз совет иттифоқини тиклаймиз ва бизда ислом динидаги аҳоли устунлик қилади. Ҳеч қачон шу томонини ўйлаб кўрмаганмисиз? 

Йўқ жойдан мавжуд бўлмаган нарсани ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ. Биз ислом динидаги аҳоли ўсишига қарши эмасмиз – биз, аксинча, бугунги кунда Россия Федерациясида бўлаётган ишлардан мамнунмиз. Бизда ислом динидаги аҳоли кўпчиликни ташкил этадиган айрим республикаларда туғилиш жуда яхши – биз жуда хурсандмиз. Аммо ўтган ишнинг бари ўтди, саҳифа ёпилган. Биз бугунги реалликдан чиқиб келажакка қараймиз. Сиз кўрган байроқлар – бизнинг тарихнинг бир қисми. Бу фикрлар асосида Россия ҳақида ҳеч нарсани ўйлаб топмаслик керак, Россиядан душман образини ясамаслик керак, бу билан фақат ўзингизга зарар келтирасиз, тушуняпсизми?

Мавзуга оид