Жамият | 15:45 / 22.03.2021
9393
3 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганлар жинсий эркинлигига қарши жиноятлар учун жазолар кучайтирилади

Президентнинг «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида вояга етмаганлар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда.

Жумладан, вояга етмаганлар жинсий эркинлигига қарши жиноятлар учун жазоларни кучайтириш таклиф этилмоқда. Бунда, Жиноят кодекси 128- ва 129-моддаларининг санкциялари кучайтирилади.

ЖК 128-моддасининг амалдаги таҳририга кўра, шахснинг 16 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик учун 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

ЖК 129-моддасида (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) эса 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Шунингдек, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик учун жавобгарликка тортиш ёшини 14 ёш этиб белгилаш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликда ушбу кўрсаткич 13 ёш этиб белгиланган. Аввалроқ қонунчиликка бундай ўзгартириш киритиш Жиноят кодекси янги таҳрирининг лойиҳасида назарда тутилаётган эди.

Бундан ташқари, қарор лойиҳасида 3 ой ичида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигига:

  • 18 ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун вояга етмаган шахс жазони ўтаб бўлганидан сўнг, уни судланмаган деб ҳисоблаш;
  • вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда тўрт соатдан ошмаслигини белгилаш;
  • вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахс ёки унинг қонуний вакили илтимосига кўра психолог иштирок этиши каби ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш  вазифаси кўрсатилган.

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликда вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг давомийлиги назарда тутилмаган, вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги эса кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда олти соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.

Мавзуга оид