Испанияда асрнинг энг вайронкор тошқини. Тўрт кун ўтиб яна нималар маълум?
Қурбонлар сони 200 дан ошган, ҳарбийлар тинчлик замонидаги энг йирик амалиётни ўтказмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Испания жануби-шарқида 29 октябр кунги фавқулодда ёмғир туфайли ҳалок бўлганлар сони 214 нафарга етган. Бу ҳақда 2 ноябр куни мамлакат бош вазири Педро Санчес телемурожаатда маълум қилди. У Евроиттифоқдан «қитъа жорий асрда гувоҳ бўлган энг жиддий сув тошқини»дан тикланишда Испанияга ёрдам кўрсатишни сўраган.
Бу Испанияда 1967 йилдан буён кузатилган энг йирик ва энг кўп одам ўлимига сабаб бўлган сув тошқинлари бўлди.
Қидирув-қутқарув ишларига кучишлатар тузилмалардан қўшимча 10 минг хизматчи жалб этилган: беш минг ҳарбий ва яна шунча полициячи. Улар бунгача сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишларига киришган кучларга қўшилиши кўзда тутилган. Euronews хабарига кўра, дастлабки кунда армиянинг икки мин аскари, Миллий гвардиядан икки ярим минг хизматчи ҳамда 1,8 минг полициячи қутқарув ишларига жалб этилганди.
Кўчаларни лой ва сув билан келган чиқиндилардан тозалаш ишларини кўнгиллилар ўз зиммасига олган. Уларнинг кўпчилиги ҳукуматни ҳаракатсизликда айблаб, ўзларига «ҳеч ким ёрдам бермаётгани»дан, эҳтимолий сув тошқини ҳақида огоҳлантириш жуда кечикиб берилганидан шикоят қилишган.
Педро Санчес кўрилган чоралар етарли эмаслигини тан олиб, жиддий муаммолар ҳамда воситалар етишмовчилигини келтириб ўтган. У регионда «[коммунал] хизматлар фаолиятида ҳозирга қадар бузилишлар кузатилаётгани, муниципалитетлар лой ичида қолгани, умидсиз одамлар ўз қариндошларини қидираётгани, одамлар уйларига бора олмаётгани, уйлар вайрон бўлиб, ботқоққа айлангани» ҳақида гапирган.
Испания бўйлаб кўплаб одамлар бедарак йўқолган бўлиши мумкин, аммо расмийлар уларнинг сонини очиқламаяпти.
Қутқарувчилар ҳозирга қадар омон қолганларни топишмоқда. BBC хабарига кўра, Валенсиядан жанубда ярим соатлик масофада жойлашган Бенетусера муниципалитетида, маҳаллий аҳоли вакили бўлган аёлни машина ичидан чиқариб олишган, у уч кун давомида сув тошқини вақтида оқиб кетган машинаси ичида қолган. Бу маълумотни Валенсия муниципалитети фуқаролик муҳофазаси хизмати раҳбари ҳам тасдиқлаган.
EFE ахборот агентлиги Валенсия савдо палатасига таяниб, кучли ёмғирлар оқибатида Валенсияда 4 500 га яқин корхона жабр кўрганини хабар қилган. Агентлик маълумотига кўра, уларнинг ярми табиий офатдан жиддий зарар кўрган.
Европа космик агентлигининг сунъий йўлдош маълумотларига кўра, фалокат зонасида жами 3,2 миллион киши яшаган, уларнинг барчаси сув тошқини ёки унинг оқибатларидан у ёки бу даражада жабрланган бўлиши мумкин. Уларнинг аксари Валенсия атрофида яшовчи кишилардир, аммо Уэрта-Сур, Алхемеси ва Рекена-Утел ҳам жабрланган ҳудудлар қаторида. Шу билан бирга, Валенсиянинг сув босган ҳудудларининг ўзида 190 минг атрофида, Уэрта-Судда — 28 минг киши яшайди, бошқа ҳудудлардаги жами аҳоли сони ҳам бир неча ўн минг кишини ташкил этади. Сув босган ҳудудларнинг умумий майдони 150 километр квадрат атрофида.
Мавзуга оид
20:51 / 03.11.2024
Испания қироли ва қироличаси Валенсияда лойбўрон қилинди
22:11 / 02.11.2024
Испанияда сув тошқинлари: яна 10 минг киши табиий офат юз берган ҳудудга юборилади
15:50 / 02.11.2024
Ўзбекистон стоматологлари Испанияда илғор имплантология технологияларини ўзлаштирди
10:10 / 02.11.2024