Ўзбекистон | 16:31 / 25.11.2024
712
2 дақиқада ўқилади

Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди

Қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни тақиқлаш назарда тутилган.

Фото: Kun.uz

«Адолат» партияси ва Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатасига киритилди.

Қайд қилинишича, бу янги парламентнинг биринчи қонун лойиҳаси бўлди ва сиёсий партиялар фракцияларида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Депутатларнинг бу борадаги ўрганишларидан маълум бўлишича, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф муҳит ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган эди.

Таъкидланишича, истироҳат боғлари ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бораётгани оқибатида боғлар ҳудуди қисқариб бормоқда.

Депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни тақиқлаш назарда тутилган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан «ботаника боғлари» муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилмоқда. Уларнинг ерларини бегоналаштириш, ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш тақиқланмоқда.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлисида «Адолат» социал-демократик партиясининг бу ташаббусини маъқуллаган эди.

Мавзуга оид