Ўзбекистон | 15:50 / 27.11.2021
54291
5 дақиқада ўқилади

“Яхшилаб ўрганамиз ва дуч келганни жазолаймиз” — Ҳомиладор ўқувчи қиз воқеасида кимларга чора кўриляпти?

Тасаввур қилинг: бирор вилоят, шаҳар ёки туман ҳокимлиги, ё бирор прокуратура органида бирор ходим пора олаётганида жиноят устида қўлга тушди. Ҳоким ёки прокурор ишдан олинадими?

Фото: KUN.UZ

Албатта, уларга нисбатан бу ноҳақлик бўлар эди.

Унда нега Самарқандда жинсий зўравонликка учраган ва ҳомиладор бўлиб қолган мактаб ўқувчиси воқеасида мактабнинг директори, унинг икки ўринбосари, ёшлар етакчиси, психолог, синф раҳбари – жами 6 кишини ишдан олиш учун аризалар ёздирилди?

13 ёшли ўқувчи қиз мактабдаги муҳит ёмонлиги туфайли жиноятга қўл ургани йўқ. Ёки қизнинг номусига мактабда, ўқиш чоғида тегилмаган. Қизалоқ ўз уйида, онасининг жазмани томонидан таҳқирланган.

Ўқувчи қизнинг ҳомиласи 23-24 ҳафталик дейиляпти. Тиббиёт нуқтайи назаридан, унга нисбатан тажовуз камида июнь ойларида содир бўлганини англатади. Қўпол бўлса ҳам айтиш керак: ўзининг ҳикоя қилиб беришича, бу иш онаси ва акаси ётган хонада тунлари муттасил рўй берган.

Хўп, нега унда мактаб мутасаддилари жазоланмоқда? Мактабдаги ўқитувчилар ёзги таътил чоғида 2200 дан зиёд ўқувчининг қай бирини кетидан кузатиб юра олади? Ё ўқитувчилар тунда ҳар бир ўқувчисининг тепасида ўтириши керакми?

Кеча мен самарқандлик адиб ва мустақил журналист Каримберди Тўрамуродов билан 63-мактабда бўлганимда вилоят халқ таълими бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари томонидан уч ўқитувчига ариза ёздирилаётганининг устидан чиқдик.

Айтишларича, биз маҳаллага кетганимиздан сўнг директор ҳам ишдан бўшаш учун ариза ёзишга мажбурланган.

Ие, бу қанақаси бўлди? Бу адолатданми? Ишдан олишдан олдин “ҳайфсан” ёинки жарима қўллаш каби интизомий жазолар ҳам бор эди, шекилли.

Азалдан пахта терган ҳам, кўча супурган ҳам, қурилишларда ишлатилган ҳам, турли керак-нокерак тадбирларда бел боғлаган ўқитувчи бўлиб келган эди. Энг осон ва энг қулай жазоланадиган касб эгалари ўқитувчилар, чунки ҳар доим “ёмоннинг кучи япалоққа етган”.

Воқеа қай тарзда юз бергани барчага аён бўлиб бўлди – нима иш бўлган бўлса, боланинг уйида, унинг оила-аъзолари кўз ўнгида содир бўлган. Шундай экан, аслида мактабдан кўра маҳалланинг масъулияти кўпроқ эмасми бу масалада? Ички ишлар идоралари носоғлом оилада тарбия топаётган болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун масъул эмасми?

Қизнинг онаси ичкиликка ружу қўйгани рост. Оила нобоп. Маҳалладагилар буни билган. Маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг ҳам ҳаммасидан хабари бўлган. Улар турли далолатномалар тузишган, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига аризалар ёзишган.

Ўқувчи қиз эса мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам хулқида тарбиясизлик намоён этмаган. Умуман, бирор ножўя қилиғи билан тенгдошлари орасидан кўзга ташланмаган. Дарсларга ўз вақтида қатнаган. Ўртача ўқиган.

Энди ўйланг: бу ҳолда мактаб жамоаси нима қилиши керак эди? Токи қизнинг ўзи шундай зўравонликка дучор бўлганини ҳеч кимга айтмаган бўлса. Уларнинг нима айби бор? Оилада тарбия ва фарзандининг саломатлиги учун ота-она (бу ҳолатда ўша пиёниста она) масъул эмасми?

Содир бўлган иш – сўзсиз жиноят. Жиноятчи ушланган. Яъни бу масалада айбдор аниқ ва у қонунда белгиланган жазосини олади. Нега ўқувчиларга фақат таълим беришгагина масъул бўлган ўқитувчилар ҳам айни масалада кескин жазога мубтало бўлиши керак? Нима, уларнинг билим беришдан бошқа ташвишлари йўқми?

Рўй берган воқеада халқ таълими бошқармаси мутасаддилари ўқитувчиларни ҳимоя қилиш, уларни турли таъна-дашномлардан тўсиш ўрнига югуриб бориб, биринчи навбатда улардан ишдан бўшаш тўғрисида ариза олиб, чора кўраётганлари чиндан ҳам ҳайратланарли!

Бундан мақсад нима? Мактаб жамоасининг айби айнан нимада? Бу шармандаликни ёпиш учун ўйлаб топилган “ечим”ми бу?

Айни пайтда мактабга оммавий ахборот воситалари ходимлари камера ва микрофонлар билан ёпирилиб боришди. Барча айбдорни мактабдан излаяпти, биласизми, нега?

Сабаби оддий – ҳомиладор бўлиб қолган қиз мактаб ўқувчиси, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлса, Самарқанддаги 63-мактаб ўқувчиси! Тамом. Мактаб жамоасининг эса бу ишларга бошқа алоқадорлиги йўқ.

Аслида “юқоридаги”лар айбдорларни мактабдан эмас, жиноятнинг олдини олиши мумкин бўлган шаҳар ҳокимлиги ва Самарқанд шаҳар ИИО ФМБдан изласалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Албатта, бу масалада Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати ўз расмий муносабатини билдиради, деган умиддамиз. Ўқитувчилар ноҳақ жазоланишининг олди олинади, деб ишонамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

P.S. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Тожмаҳал» МФЙ 2017 йилдан буён бирор марта 2008 йилда туғилган фуқаро Л.М. масаласи бўйича мурожаат қилинмаганини таъкидлаб ўтди. Исбот сифатида қуйидаги скриншот тақдим этилди.

Скриншот: Самарқанд шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Мавзуга оид