Тагида патрул хизмат машинаси, эгнида форма ва чўнтакда “ички ишлар ходими” деган гувоҳнома. Булар одатда қонун ҳимоячисининг атрибутлари. Аммо Самарқандда бу воситалар миллионлаб долларлик фирибгарлик қуролига айланди.
Тойлоқ туманида ўнлаб, балки юзга яқин инсон бир одамга ишониб алданиб қолган – у ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими, лейтенант Бунёд Яздонов. Ходим Бухорода қурилиш лойиҳаси борлигини айтиб, одамлардан пул олган.
Ваъда оддий бўлган: пулингиз ёки мулкингизни берасиз, фойдаси билан қайтариб оласиз. Аммо воқеалар ривожи бутунлай жиддийлашиб кетди, лейтенант тўхташни унутиб қўйди.
Kun.uz ҳолат бўйича суриштирув олиб борди.

Лейтенант Бунёд Яздоновдан энг кўп жабрланганлардан бири – машина савдоси билан шуғулланувчи Шаҳриёр Облоқулов. Унинг айтишича, Яздоновга аввало қишлоқдоши экани ва ички ишлар тизимида ишлаши сабабли ишонган.

Дастлаб инспектор олган қарзларини ўз вақтида қайтариб келган. Бу эса ишончни янада мустаҳкамлаган. Облоқулов аввал ўзининг бир нечта автомобилларини, кейин эса танишларидан ҳам пул ва машиналар олиб, Яздоновга берган.
Бироқ 2025 йил кузига келиб вазият ўзгарган, қарзларни қайтариш муддати чўзила бошлаган. Шу орада Яздонов бошқа кўплаб одамлардан ҳам худди шу тарзда қарз олгани маълум бўлган.
“Яздонов ва унинг “опахони” Шаҳноза Хушмуродова менга гаров сифатида уй ва дўкон ҳужжатларини берганди. Кейин уларнинг барчаси сохта экани аниқланди. Олди-бердиларимизни Бунёднинг ўзи тасвирга олиб берган, гапларимга асосим бор. Ҳозир мендан Бунёднинг 258 минг, Шаҳноза Хушмуродованинг эса 35 минг АҚШ доллари қарзи бор”, – дейди Облоқулов.
Жабрланувчиларнинг айтишича, ишонч айнан унинг формаси ва лавозими орқали пайдо бўлган. Одамлар уни оддий одам эмас, давлат тизими вакили сифатида қабул қилган.
Жабрланувчилардан бири Афзал Ғаниевнинг айтишича, Яздонов қарз олди-бердиларида ҳатто ўз хизмат гувоҳномасини ҳам ишлатиб, ундан гаров сифатида фойдаланган.















