11:23 / 26.02.2021
3776

Ўзбекистонда илмий ишланмалар тижоратлаштирилади. Инновация вазирлиги форум ўтказмоқда

25 феврал куни Инновацион ривожланиш вазирлигида вилоят ҳокимликларининг олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш форуми бошланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган форумда тайёр илмий ишланмалар ва янги буюртмалар бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган 105 млрд сўмлик жами 197та иш режаси тасдиқланади. Бундан ташқари, тадбир давомида ҳудудлар кесимида саралаб олинган 37та инновацион маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Вазирликнинг Тижоратлаштириш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бобохонов Ўзбекистонда бундай форум илк марта ўтказилаётгани ва кўргазмада қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика, қурилиш, транспорт ва энергетика соҳаларида янги илмий ишланмалар тақдим этилганини маълум қилди. Шунингдек, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жорий қилиш ва саноат намуналарини тайёрлашни молиялаштиришга давлат бюджети маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилган.

«Тижоратлаштириш форумида давлатимиз томонидан 37та лойиҳага пул маблағи ажратилмоқда. 19 млрд сўм Инновацион ривожланиш вазирлигининг Тижоратлаштириш бошқармаси орқали бюджет ҳисобидан, 1,9 млрд сўм иқтисодиёт тармоқлари бошқаруви органлари ва хусусий сектор томонидан берилади. Йил мобайнида ушбу лойиҳаларни амалга оширишни кузатиб, мониторинг қилиб борамиз. 2021 йилнинг ноябрида ўтказиладиган форумда бунинг натижасини кўрамиз», деди бошқарма бошлиғи.

Тақдим этилган лойиҳалар орасида энергетика соҳасида ёнғинни тезкор ўчирувчи, нефт маҳсулотлари буғланиб кетишини 3 бараварга камайтирувчи понтон ишланмасини кўриш мумкин.

«Оддий пўчоқлардан фаоллаштирилган кўмир олиш лойиҳаси ҳам тижоратлаштириш жараёнида. Бу лойиҳа аҳоли учун ҳам жуда фойдали, чунки ишлаб чиқарувчи уйига бориб улардан сотиб олади.

Бундан ташқари, мобил тупроқшунослик клиникаси лойиҳаси ҳам бор. Бино ёки иншоотда эмас, автомобилда жойлашган бу клиника ўзи бориб тупроқ таркибини ўрганишда ёрдам беради. Яқинда Чуст туманида шу усулни жорий этиш амалга оширилади.

Янги лойиҳалардан яна бири – ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппарати. Бу лойиҳани амалга ошириш 2019 йилда бошланган эди. Жорий йилнинг 16 март куни шундай қурилма ишлаб чиқарувчи заводимизнинг очилиш маросими бўлиб ўтади», дея таъкидлади у.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда. Илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва илмий марказлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимотидан сўнг республиканинг 14та ҳудудида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, иқтисодиёт соҳаларини инновацион технологиялар ёрдамида ривожлантириш юзасидан вилоят ҳокимликлари ва лойиҳа муаллифлари ўртасида шартномалар имзоланади.

Top