Ўзбекистон | 20:43 / 18.10.2021
7380
3 дақиқада ўқилади

Инновация вазирлиги етказиб берган 664 минг долларлик илмий лаборатория асбоб-ускуналари ишлатилмаётгани аниқланди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларига етказиб берилган жами 664 минг долларлик лаборатория жиҳозлари ишлатилмаётгани ва қаровсиз аҳволда экани аниқланди.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

Брифингда айтилишича, 2021 йилнинг ўтган 9 ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 30,0 млрд сўмлик 56 та стартап лойиҳалари молиялаштирилган. 37 нафар ёш олимлар АҚШ, Россия, Буюк Британия, Беларусь, Латвия ва Туркия каби давлатларга илмий малака ва тажриба ошириш учун ўқишга юборилган.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан 31 турдаги лаборатория асбоб-ускуналари хариди бўйича 19,4 млрд сўм молиялаштирилган ва харид қилинган илмий лаборатория асбоб-ускуналарида ишлаш методикасини ўзлаштириш мақсадида 20 нафар илмий ходимлар етакчи хорижий илмий ташкилотларга стажировкага юборилган.

“Ўтган давр мобайнида вазирлик томонидан етказиб берилган илмий лаборатория асбоб-ускуналаридан фойдаланиш натижадорлигини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг июль ойида танланма усулида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Ион-плазма ва лазер технологиялар, Иммунология ва инсон геномикаси, Материалшунослик, Ядро физикаси ва Астрономия институтларига етказиб берилган илмий лаборатория асбоб-ускуналари тўлиқ ишчи ҳолатда ишлаб тургани ва улардан фойдаланиш орқали юқори натижаларга эришилгани маълум бўлди”, – деди Назокат Абдуқундузова.

Унинг сўзларига кўра, етказиб берилган ускуналардан мақсадли фойдаланмаётган муассасалар ҳам аниқланган:

— 92 минг АҚШ долларига харид қилиниб, Полимерлар кимёси ва физикаси институтига етказиб берилган “AR403” русумли универсал юриткичли кўп мақсадли илмий лаборатория асбоб-ускунаси ишлатилмаётгани маълум бўлган. Шунингдек, ушбу ускуна электр энергиясига қўлбола усулида уланган ва жойлашган хонасида электр чироқлари ўрнатилмаган, шу билан бирга, кутилмаганда электр узилишлари ва кучланишидан ҳимояланмаган.

— Умумий ва ноорганик кимё институтига етказиб берилган қиймати 458,8 минг АҚШ долларига тенг 7 турдаги илмий лаборатория асбоб-ускуналар институт биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли жорий йилнинг март ойидан буён ишга туширилмаган. Мазкур илмий лаборатория асбоб-ускуналарини етказиб беришгача бўлган даврда таъмирлаш ишларини тугатиш чоралари кўрилмаган.

— Хоразм Маъмун академиясига етказиб берилган қиймати 24 минг АҚШ долларига тенг “SETARAM” русумли кўп тармоқли ўта сезгир дифференциал сканерловчи калориметр илмий лаборатория асбоб-ускунаси май ойидан буён ишга туширилмаган ва ҳозирги кунда муассаса омборхонасида сақланаётгани аниқланган.

— Биоорганик кимё институтига етказиб берилган 89,4 минг АҚШ долларига харид қилинган “ECLIPSE Ti2-U” русумидаги инверторли флуоресан микроскопи ҳам жорий йилнинг июнь ойидан буён ишга туширилмаган.

Мавзуга оид