ШҲТ саммити вақтида Самарқандда 8 та автобус йўналиши ҳаракатланади, масжидлар ва ошхоналар ёпилмайди
Самарқанд давлат чет тиллар институти фаоллар залида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан вилоят ИИБ тезкор штабига фуқаролардан тушаётган саволлар юзасидан ваколатли давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Фақат 8 та автобус йўналиши ҳаракатланади
Аввалроқ 14-17 сентябр кунлари шаҳардаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Г-34, Садриддин Айний, Регистон, Рўдакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий, Даҳбед кўчаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланиши айтилганди. Матбуот анжуманида иштирок этган транспорт вазири матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг айтишича, бу кўчаларда жамоат транспорти ҳаракатига ҳам чеклов ўрнатилади.
Самарқанд шаҳрида фақат 9 та йўналишдаги автобуслар ҳаракатни давом эттиради. Яъни 4, 7, 15, 24, 37, 74, 93 ва 99-автобуслар ҳаракатланиш чекланган кўчаларда йўналишини ўзгартирган ҳолда ҳаракатланишда давом этади. Қолган 28 та автобус йўналиши ҳаракати вақтинча чекланади. 14-17 сентябр кунлари иккита йўналишдаги трамвай ҳаракати ҳам чекланади.
Ҳаракатланиш учун ёпиладиган кўчаларда йўналишсиз жамоат транспорти каби йўналишсиз таксилар ҳаракати ҳам чекланади. Аммо ёпиқ йўлларда тез ёрдам ёки бошқа фавқулодда хизмат машиналари ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Матбуот анжуманида Тошкент – Термиз автомобил йўлида («бетонка») автомобиллар ҳаракатланиши тасдиқланди. Жанубий вилоятлардан Самарқандга ёки Тошкентга келаётган машиналар трассанинг Тойлоқ ва Самарқанд тумани ҳудудидаги қисмига ўтадиган жойдан бошқа йўналишга ўтказиб юборилади. Чунки ШҲТ саммити ўтказиладиган сайёҳлик маркази айнан Тошкент – Термиз катта трассаси бўйида жойлашган.
Анжуманда қатнашган ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъулининг айтишича, трассага Самарқанд тумани ва Тойлоқ туманидан чиқадиган кичик кўчалар ҳам вазият тақозо қилган вақтда ёпилади, шу сабаб керакли тўсиқлар кўчалар бўйича тайёрлаб қўйилган. ИИБ масъули нега Китоб ва Шаҳрисабз томондан келаётган ҳайдовчиларга Ургут – Булунғур йўли қўшимча йўл сифатида тавсия қилинмаганига изоҳ берар экан бу умумфойдаланувдаги йўл эмаслигини маълум қилди.
Жума намози ўқиладими?
Матбуот анжуманида Самарқанд шаҳридаги масжидлар фаолияти билан боғлиқ савол ҳам берилди. Чунки саммит ўтадиган 16 сентябр жума кунига тўғри келади. Бу куни шаҳардаги масжидларда жума намози ўқилиши ёки йўқлиги борасида ҳалигача аниқ маълумот берилмаганди. Мусулмонлар идорасида Самарқанд бўлими масъулининг айтишича, шаҳардаги масжидларда жума намози ўқилади, бу борада ҳозирча қандайдир чеклов кўзда тутилмаган. Аммо ШҲТ саммити ўтадиган сайёҳлик маркази яқинидаги масжидларда шароит жума намози ўқилмаслигини тақозо қилса, жамоат яқиндаги бошқа масжидга йўналтирилади. Бунга тайёргарлик кўрилгани айтилди. Шунингдек, масжидлар билан боғлиқ яна батафсил ва расмий ахборот берилиши маълум қилинди.
Маълумот учун, сайёҳлик маркази яқинида Самарқанддаги энг катта масжидлардан бири бўлмиш Имоми Аъзам номидаги жоме масжиди жойлашган.
Мужмал жавоблар
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ШҲТ саммити вақтидаги чекловлар бўйича тўлиқ маълумот олиб, уни ўз аудиториясига етказишни мақсад қилганди. Аммо вазирлик ва идоралар вакиллари кўпчилик самарқандликларни қизиқтираётган муҳим саволларга жавоб бера олишмади.
Масалан, шу кунларда Самарқандда 17 сенятбргача тўй қилиш тақиқлангани, тўйхоналарга бу кунларда ишламаслик тўғрисида айтиб чиқилгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Фахрий журналист Тошпўлат Раҳматуллаев бу борада аниқлик киритилишини сўраб савол берди. Аввалига «СЭС» вакили ошхоналар фаолияти тўхтатилмаслиги, ёпилиши мўлжалланган кўчаларда ҳам ошхона, ресторанлар ишлашда давом этишини айтди.
Аммо журналист ресторанларга аллақачон ишламаслик айтилгани, бундай баёнотлар одамларни чалғитишини таъкидлагач, Самарқанд «СЭС» вакили чиндан ошхоналар фаолиятини чеклаш кераклиги, бу борада ҳали аниқ кўрсатма берилмаганини айтди. Хуллас, самарқандликларни қизиқтираётган бу масала мавҳумлигича қолди.
Самарқанд шаҳрида ШҲТ саммити вақтида амалда бўладиган чекловлар ҳақида саммит бошланиши арафасида яна маълумот берилиши қўшимча қилинди.
Матбуот анжумани тугагач, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам баёнот бериб, шаҳардаги тиббиёт муассасалари, ошхона, ресторанлар фаолияти одатдагидай давом этиши, масжидлар ёпилиши ҳам кўзда тутилмаганини маълум қилди.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024