Ўзбекистон | 11:32 / 08.05.2018
6197
2 дақиқада ўқилади

Янги қарор: Жиззах вилоятида ичимлик суви таъминоти яхшиланади

Ўзбекистон президенти Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда таъкидланганидек, Жиззах вилоятининг аҳоли пунктларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича вазият – мамлакат бўйлаб энг ёмон ҳолатда. Уларнинг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олинмаган. Мавжуд сув олиш иншоотларининг аксарияти ўтган асрнинг 70-80-йилларида қурилган ва эскириб кетганлиги сабабли уларнинг қуввати уч баробарга қисқарган.

Зарарсизлантирувчи воситаларнинг етишмаслиги туфайли Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва Жиззахда ичимлик сувининг ифлосланиши юқори даражада.

Вилоятда бир неча йил ичида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашнинг замонавий тизими пайдо бўлиши керак. Шу мақсадда президент «Жиззах вилоятида ичимлик сув таъминоти тизимини Зарафшон дарёси сувларидан фойдаланиш ҳисобидан яхшилаш» лойиҳасини тасдиқлади.

Сув чиқариш иншооти, сувни тозалаш станцияси, сув чиқариш иншоотидан сувни тозалаш станциясигача сув ўтказгич (16 км), сув тозалаш иншоотларидан магистрал сув ўтказгич (20 км), «Жиззах» сув тақсимловчи узели, магистрал ва сув келтирувчи сув ўтказгични қуриш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид