Технология | 16:08 / 10.01.2026
2448
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олимлар сувни тозалашга қаратилган янги ечимни тақдим этди

Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари биологик асосда олинган кўп қатламли графен яратди. Ушбу материал асосида сувни тозалашга мўлжалланган WATER-TOL номли филтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси ҳам ишлаб чиқилди.

Фото: Фанлар академияси

Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан биологик асосда олинган кўп қатламли графен яратилди. Шунингдек, мазкур материал асосида сувни тозалашга мўлжалланган WATER-TOL номли филтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Сўнгги йилларда углерод асосидаги замонавий материаллар — графен, углерод нанотрубкалари, фуллеренлар, графен оксиди — турли соҳаларда кенг тадқиқ этилмоқда. Бироқ мутахассислар қайд этишича, бундай материалларнинг аксариятини ишлаб чиқариш жараёнида заҳарли моддалар қўлланилиши сабабли айрим йўналишларда, хусусан тиббиётда, чекланган тарзда фойдаланишга тўғри келади.

Фанлар академияси олимлари томонидан яратилган кўп қатламли графен эса инсон организми учун зарарсиз, биомос (инсон тўқималари билан мос келувчи) янги авлод нанокарбон материали сифатида баҳоланмоқда. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, ушбу материал:

  • инсон тўқималарига салбий таъсир кўрсатмайди;
  • яраларнинг тез битишига ёрдам беради (жумладан, диабет сабаб узоқ битмайдиган яралар ҳолатида ҳам);
  • бактериялар, вируслар ва замбуруғларга қарши фаол таъсирга эга;
  • ҳужайра ва тўқималарнинг тикланиш жараёнини рағбатлантиради.

Қайд этилишича, мазкур материал тиббиётда яраларни даволаш, тикловчи муолажалар ҳамда антибактериал қопламалар яратишда, фармацевтикада дори воситаларини етказиб берувчи ташувчи сифатида, саноатда эса мустаҳкам ва юқори чидамли материаллар тайёрлашда қўлланиши мумкин.

Энг муҳими, олимлар таъкидлашича, глобал экологик муаммоларни инобатга олган ҳолда кўп қатламли графен сув ва ҳавони тозалаш, заҳарли моддалар ҳамда радионуклидларни ютиб олишда юқори самарадорликка эга.

Маълумот учун, кўп қатламли графеннинг графен оксидидан асосий фарқи — унда кислородли гуруҳлар сақланмаслиги билан изоҳланади. Шу боис, у тиббиёт ва экология йўналишлари учун хавфсизлиги ҳамда юқори салоҳияти билан истиқболли инновацион материал сифатида кўрилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид