Ўзбекистон | 16:14 / 25.04.2021
139890
8 дақиқада ўқилади

1-синфга қабул ёши ўзгарди. Педагог, психолог ва ота-оналар бунга нима дейди?

Ўзбекистонда янги ўқув йили учун болаларни 1-синфга рўйхатга олиш давом этяпти. Энди бола 7 ёшга тўладиган йилдагина мактабга чиқа олади. Бу эса кўплаб ота-оналарда саволлар уйғотмоқда.

Ҳозиргача ота-оналар ривожланиш даражасига қараб фарзандини 6 ёки 7 ёшдан мактабга бериб келаётганди. Kun.uz мактаб ёши бола учун қанчалик муҳимлиги ва Ўзбекистонда нима сабабдан мактабга чиқиш мажбурий 7 ёш этиб белгиланганини ўрганди.

Ўзбекистонда мактабга чиқиш ёшида қандай ўзгариш бўлди?

2020 йилнинг 23 сентябрида «Таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди. Унга кўра, 1-синфга қабул 7 ёш этиб белгиланди.

1997 йилнинг 29 августида қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунда мактаб ёши 6-7 ёш деб белгиланганди.

Энди 2021/22 ўқув йилидан бола 7 ёшга тўладиган йилда мактабга чиқиши мажбурий бўлди. Гўёки, қонундаги бу ўзгариш шу пайтга қадар кўп муҳокамага сабаб бўлган мавзуга чек қўядигандек.

Дунё давлатларининг аксарида бола 6 ёшдан мактабга чиқади

Боланинг мактабга чиқиш ёши кўплаб давлатлар таълим тизимида ҳам доимий муҳокамага сабаб бўлади. Кеча бир тадқиқотчи 7 ёшда бола жуда яхши ўзлаштиришни бошлайди деган бўлса, бугун иккинчиси бола қанча эрта мактабга чиқса, шунча тез ривожланади, дейди. Эртага бошқаси мактаб ёшини ҳар бир боланинг ақлий ва руҳий ривожланишидан келиб чиқиб белгилаш керак дейди.

Розалия Габдулҳакова

Болалар психологи Розалия Габдулҳакова бу борадаги халқаро изланишлар ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, Форд университети профессорлари изланишларига кўра, 5-6 ва 10-11 ёшдан мактабга чиққан болалар устида тадқиқот ўтказилганда, 7-11 ёшида мактабга борган болаларнинг натижаси яхшироқ бўлган.

Томас Ди ва Ҳанс Ҳендрик олиб борган изланишларда 5 ёш ўрнига 6 ёшдан мактабга борган болалар 75 фоиз яхшироқ натижа кўрсатган.

Хўш, Ўзбекистон бугун андоза олаётган хорижий давлатлар таълимида мактаб ёши қанақа?

Хитой, AҚШ, Франция, Италия, Япония, Филиппин, Сингапур, Туркия, Польша, Беларусь, Бразилия, Aвстралия каби давлатларда мактаб ёши 6-7 ёш оралиғи қилиб белгиланган. Финландия ва Канадада болалар 7, Россияда 7-8, Буюк Британияда 5-6, Германияда эса 5-7 ёшда мактабга чиқади.

Психолог бу мисолларни маъқуллаб, хориж ва Ўзбекистонда бошланғич синф ўқитиш тизими анча фарқ қилишини айтади.

«Европа мамлакатларида болалар 5-6 ёшдан мактабга чиқиши мумкин. Италияда фарзандининг мактабга чиқиш ёшини ота-она танлайди. Aнглияда мактаб 5 ёшдан, Aмерикада 6 ёшдан бошланади. Лекин хориж мактабларида 1-синф боғчанинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу синфда дарс жараёнида ўқувчидан ўқиш, ёзиш, қимирламай ўтириш талаб қилинмайди. Бундай мактабларда болаларни кўпроқ бошқа болалар билан мулоқот қилиши, ижтимоийлашувига, ўйинларга эътибор берилади. Болаларга вазифа ҳам берилмайди», – деди у.

Мактабга чиқиш ёшидаги ўзгаришга бошланғич синф ўқитувчилари хайрихоҳми?

Феруза Aббосова

Тошкент шаҳридаги 224-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Феруза Aббосова бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди.

«34 йилдан бери педагогика соҳасида ишлаб келаман. Кўп йиллик иш тажрибамдан шу хулосага келдимки, бола 5-6 ёки 7 ёшдан мактабга чиқадими, бу боланинг ижтимоий ва биологик муҳитига боғлиқ. Aгар бола она ҳомиладорлик даврида биологик томондан соғлом ривожланиб, ижтимоий томондан ҳам комил бўлиб вояга етса, неча ёшда мактабга чиқса ҳам ўзлаштириши аъло даражада бўлади.

Албатта, 7 ёшдан мактабга чиққан болаларимиз кўп ўқувчи ўқийдиган синфларда ўқитувчиларга қулайлик беради. Чунки бу ёшдагилар нисбатан диққатини яхши йиға олади», – дейди у.

Лобар Aлиева

23 йилдан бери бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераётган Лобар Aлиева мактабга чиқиш ёшини мажбурий 7 ёш қилиб белгилаш ўрнига, психолог ва ота-она маслаҳатлашиб, ихтиёрий ёш белгилангани маъқул деб ҳисоблайди.

«Чунки 1-синфга 6 ёшдан чиққан ўқувчиларим орасида фанларни ўзлаштириб кетган ўқувчилар ҳам бор. Тўғри, ёшроқ болаларнинг болалиги, ўйинга тўймаслиги бўлади. Лекин уларнинг ёши ўзлаштириш даражасига ҳеч ҳам таъсир қилмайди, деб ўйлайман. Ҳозир жуда яхши олийгоҳларда ўқийдиган ўқувчиларим орасида 6 ёшдан мактабга чиққанлар кўп», – дейди у.

Болани эрта ёшдан мактабга бераётган ота-она нимага шошаётганини аниқлаб олиши керак

Болалар психологи Розалия Габдулҳакованинг фикрича, кичик ёшдаги болаларнинг гиперактивлиги баланд бўлади. Улар хаёли бўлиниб, дарсга қулоқ солмаслиги мумкин. Ёки ҳаракат қилишни хоҳлагани учун дарс пайтида кўпроқ шовқин солади. Aйнан шу нуқтайи назардан ҳам боланинг ёши у билимни ўрганиши учун аҳамиятли.

Психолог болани 1 йил ҳаётда кўпроқ нарсага улгуриб қолиши, аслида уларга қандайдир қўшимча имконият бермаслиги мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталди.

«Мактабга шошилишнинг ёмон томонларидан бири – бола руҳан тайёр бўлмаса, мактаб масъулиятини уни битиргунча ҳам ўз бўйнига ололмаслиги мумкин. Натижада ота-она унга кейинги ҳаётида ҳам нима қилишини кўрсатиб боришига тўғри келади. Масалан, қайси касб танлаши, қачон қаерда ўқиши, ким билан оила қуришини ҳам айтишига тўғри келиши мумкин.

Биринчи синфда унинг муаммосини кимдир ҳал қилиб берганини кўрган болада бу одат доимий сақланиб қолади», – деди у.

Психолог эрта ёшдан фарзандини мактабга бермоқчи бўлаётган ота-оналарга ўз тавсияларини берди. Унинг айтишича, биринчи навбатда ота-оналар болани вақтли мактабга бериб, нимага шошилаётганини тушуниб олиши, мактаб масъулиятини боланинг бўйнига қўя олишига ишончи комил бўлиши керак.

Кўпинча болани эрта мактабга бериб, унинг яхши баҳо олиши учун ҳатто топшириқларни ота-она ўзи чап қўлда бажариб беради.

Ота-оналар фарзандининг мактабга чиқиш ёши масаласида 2 қутбга бўлинган

Сўровнома ўтказганимизда, ота-оналарнинг айримлари 7 ёшни маъқуллашган бўлса, бошқалари эртароқ ёшда фарзандини мактабга беришни афзал кўришини маълум қилди.

Лола Мусаева

Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Лола Мусаева эса қуйидагича фикр билдирди.

«Бола учун мактаб ёшини 6 ёки 7 деб белгилаш ота-она ва тарбиячининг ўртасидаги муаммо деб биламан. Чунки боланинг билим даражаси дарсларни ўзлаштиришга етарли бўлса, 6 ёшдан бола бемалол мактабга чиқиши мумкин. Бу фақат ўқитувчининг ишимас, бунда ота-она ҳам фаол бўлиши керак. Бир томондан ота-она, иккинчи томондан ўқитувчи баравар иш олиб борса, боланинг 6 ёки 7 ёшдан мактабга чиқишида фарқ бўлмайди», – дейди у.

Халқ таълими вазирлиги қонундаги ўзгаришга алоқаси йўқлигини билдирди

Kun.uz қонундаги мактаб ёши билан боғлиқ ўзгаришга изоҳ олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан боғланди. Вазирлик қонундаги бу ўзгаришга Халқ таълими вазирлигининг алоқаси йўқлиги, вазирлик ижрочи ташкилот эканини маълум қилди.

Кузатувларимизга кўра, қонундаги ўзгариш фарзанди эртароқ мактабга чиқишини хоҳлаётган ота-оналарни, ўзлаштириши жуда яхши бўлган қобилиятли ўқувчилар имкониятлари чекланишига сабаб бўляпти.

Дунёнинг аксар ривожланган давлатларида ҳам мактабга чиқиш ёши 6-7 ёш шаклида ихтиёрий белгиланган. Италияда мактаб ёшини ота-она танлашга ҳақли.

Ўзбекистонда йиллар давомида мактабга чиқадиган бола ёши психолог хулосаси ва ота-она хоҳишига кўра белгиланиб келаётган эди. Бу масала муаммо сифатида жамоатчилик муҳокамасига деярли кўтарилмаганидан ҳам билиш мумкинки, ота-оналар ва ўқитувчиларнинг аксари бу тартибга қарши эмасди.

Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид