Жаҳон | 08:20 / 25.06.2019
16483
2 дақиқада ўқилади

Тоқаев портлашлардан талофат кўрган Арис шаҳрини тиклашга ваъда берди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 24 июнь оқшомда Туркистон вилоятига ташриф буюриб, ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлашидан талофат кўрган Арис шаҳрининг эвакуация қилинган аҳолиси билан учрашди ва шаҳарни тиклашга ваъда берди. 

“Шаҳарни тиклаймиз. Ҳаммаси жойида бўлади, бироз чиданг. Бу фавқулодда вазият, фалокат. Ҳукумат пул беради, ёрдам берамиз, ташвишланманг. Таъмирлаш ўтказамиз. Мен шу мақсадда келдим”, деб айтган Тоқаев.

Арисдаги вазият бўйича тезкор штаб йиғилишида Қозоғистон президенти биринчи навбатда уй-жойини йўқотган одамларни жойлаштириш бўйича чоралар кўриш ва жабрланувчиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш вазифасини топширган.

Тоқаев воқеа жойида қутқарув ва тиклаш ишлари давомида идоралараро аниқ ҳамкорликни йўлга қўйишни ва портлашлар сабабини аниқлаш учун батафсил тергов ўтказишни буюрган.

Қозоғистон раҳбари шаҳарга ёрдам учун махсус жамғарма очилишини қўшимча қилган. Президент фуқаролар хавфсизлиги ва уларнинг мол-мулки бутлигини таъминлаш масалаларини мунтазам назорат остида ушлашни буюрган. Унинг таъкидлашича, болаларга ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. “Ҳозир биринчи ўринда одамлар, шаҳар аҳолиси хавфсизлиги бўлиши лозим. Бутун Қозоғистон Арисга ёрдам беради, махсус жамғарма очилади”, деб айтган Тоқаев.

Қозоғистон президенти портлашлар сабабини аниқлаш ва айбдорлар қонунга кўра жавобгарликка тортилишларига эришиш лозимлигини буюрган. “Келгусида Арис турли портловчи қурилмалардан тўлиқ тозаланиши лозим”, деб таъкидлаб ўтган Тоқаев. 

24 июнда 44,3 минг киши яшайдиган Арис яқинидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлаши юз берди. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинган. Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 70 дан кўпроқ киши жароҳат олган.

Мавзуга оид