Жаҳон | 22:47 / 11.11.2019
12516
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти ўз қароргоҳида электр токи ўчишини тафтиш қилишни талаб қилди 

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев пойтахт Нур-Султонда электр таъминотида юз берган аварияни тафтиш қилиш учун комиссия тузишни топширди. Авария оқибатида шаҳарнинг бир қисми, жумладан президент қароргоҳи, парламентнинг икки палатаси ва ҳукумат уйи электр токисиз қолган. Бу ҳақда Тоқаевнинг матбуот котиби Берик Курмангали маълум қилди.  

Таъкидланишича, комиссияга бош вазир ўринбосари Роман Скляр бошчилик қилади.

“Батафсил тафтиш ўтказиш, айбланувчиларни топиш лозим, зарурат бўлса иш ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилади”, деб маълум қилган Курмангали.

Тоқаев, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар юз бермаслиги учун чоралар кўришни буюрган. 

10 ноябрда шаҳарнинг бир қисми подстанциялардан бирининг кабел каналидаги ёнғин туфайли электр токисиз қолган. Бу тармоққа уланган истеъмолчилар ўт ўчирувчилар хавфсизлиги учун ўчириб қўйилган. Шу сабабли 9 та кўп хонадонли уй, Тоқаев қароргоҳи, сенат, мажлис, ҳукумат уйи, вазирликлар уйи ва олий суд бинолари электр таъминотида узилиш кузатилган.

Мавзуга оид