Иқтисодиёт | 16:55 / 10.05.2021
32116
2 дақиқада ўқилади

Пахта ёғи қимматлашганини ўрганган Аксилмонопол қўмита 34 та кластерга нисбатан иш очди

Пахта-тўқимачилик кластерлари ўзаро келишган ҳолда биржада чигит нархини сунъий оширганликда гумонланмоқда.

Фото: hundredpercentcotton.com

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи нархлари кескин ошгани юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Аниқланишича, 2021 йил апрел ойи давомида биржа савдоларига 40та пахта-тўқимачилик кластери томонидан техник чигит савдоларга қўйилган ва қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрел ойида ўртача 38 фоизга кўтарилган.

Шунингдек, ўсимлик ёғи нархининг ошишига, асосан, кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари вазиятдан фойдаланган ҳолда, пахта чигити нархини асоссиз оширишган, бу эса ўз таъсирини пахта ёғининг нархига ҳам кўрсатган.

Бунда, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерига нисбатан иш қўзғатилган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ, пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчиси томонидан ёғ-мой корхоналарига биржа савдолари ёки маҳсулотни қайтариш асосида сотилиши белгиланган.

Аввалроқ, биржа савдоларида пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 млн сўмдан 17,2 млн сўмгача, яъни 14,8 фоизга қимматлашгани маълум қилинганди.

Шунингдек, ўтган йил етиштирилган пахта ҳосилидан олинган чигитни мамлакатдаги 14та кластер корхонаси биржа савдоларига чиқармагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид