Жаҳон | 18:58 / 23.05.2022
5550
4 дақиқада ўқилади

Давос форумига старт берилди. Асосий мавзу — пандемия ва Украинадаги уруш 

1971 йилдан бери Швейцариянинг Давос шаҳрида ҳар йили анъанавий равишда Жаҳон иқтисодий форуми ўтказиб келинади. Унда дунё мамлакатларидан академиклар, ишбилармон доира вакиллари, ҳукумат раҳбарлари қатнашиб, бугунги кундаги глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга уринишади. Мақсад – дунёдаги аҳволни яхшилаш.  

Фото: Reuters

Бу йил форум 50-марта, доимгидек январда эмас, балки баҳор фаслида ўтказилмоқда. Маълум вақт давомида пандемия бўлгани сабаб йиғилиш кечиктирилганди. 22 май куни халқаро тадбирга старт берилди.

Маълумотларга кўра, унда 2,5 мингга яқин киши қатнашмоқда. Улар орасида сиёсий раҳбарлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда журналистлар иштирок этишмоқда. Шунингдек, 50 нафардан ортиқ ҳукумат ва халқаро ташкилот раҳбарлари ҳам бу тадбирга ташриф буюриши айтилган. Хусусан, Германия канцлери Олаф Шолц, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳамда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Форум 5 кун давом этади, унда турли долзарб мавзулар муҳокама қилиниб, томонлар ўз ечимларини таклиф қилишади. Euronews ушбу тадбир билан боғлиқ бир қанча маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жаҳон иқтисодий форуми 50 йиллик тарихида ҳеч қачон ҳозиргидек мисли кўрилмаган глобал муаммоларга дуч келмаган. 2022 йилга келиб дунё мамлакатлари пандемиядан қутулиб, иқлим инқирози ва унинг салбий таъсирига қарши курашиб келмоқда. Шунингдек, Украинадаги уруш туфайли геосиёсий аҳвол ҳам яхши баҳоланмаяпти.

«Давос қор йўқлиги учун эмас, балки ушбу долзарб муаммоларни ечишда глобал ҳамкорлик бўлмагани туфайли ҳозирда бошқача кўринишда намоён бўлмоқда. Глобал муаммолар глобал ечимларга муҳтож, аммо биз бу глобал ечимларни кўрмаяпмиз. Шу сабабли Давосдаги учрашувда айнан шуларга ечим топишимиз керак», деди Халқаро иқтисодий форум президенти Бёрге Бренде тадбирдан олдин ўтказилган брифингда.

Айнан шу масалалар Халқаро иқтисодий форумнинг бу галги кун тартибида асосий ўринни эгаллаган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши

Маълум қилинишича, Украинадаги уруш Давосдаги тадбирнинг бу йил бироз бошқача кўринишда ўтишини билдиради. Масалан, ташкилотчилар Россияга қарши санкцияларни ҳисобга олиб, Россия компаниялари вакилларига таклифнома бермасликка қарор қилишган.

«Бу урушни Путин бошлади ва уни ўзи тугатиши мумкин. Ўтмишда қабул қилган нарсаси, яъни Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш орқали», деди Бренде. 

Кўп йиллар давомида Россия делегацияси учун майдон сифатида хизмат қилган, ҳозирда эса бўш турган «Рус уйи» («Русский дом») Украинага топширилди ва унинг номи «Рус ҳарбий жиноятлари уйи» («Российский дом военных преступлений») деб ўзгартирилди.

Илгари россиялик делегатлар билан тадбирлар ва учрашувлар ўтказилган бу жойда эндиликда Россия кучлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар кўргазмаси намойиш этилади.

Украина делегатлари бу йилги тадбирда фаол иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Украина президенти Володимир Зеленский жонли эфирда нутқ сўзлади.

Иқлим инқирози кучайиши

Иқлим инқирози доимо Жаҳон иқтисодий форумида муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири бўлиб, бу йил ҳам у асосий мавзулар қаторида турибди.

Қайд этилишича, форум ташкилотчилари доимий равишда тўсиқларга учрашади. Чунки жуда кўп ташриф буюрувчилар Давосга шахсий самолётларида келади, бу эса тадбирнинг энг кескин танқидларга учрашига сабаб бўлади.

Greenpeace ва атроф-муҳит бўйича бошқа нодавлат ташкилотлари ҳам форумда иштирок этади. Ҳатто, 2019 йилдаги тадбирда иқлим ўзгариши бўйича ўсмирлар фаоли Грета Тунберг маҳаллий ёшлар билан ҳафталик иқлим ҳаракатини бошқарганди. Бу сафаргисида эса бир неча кун олдин иқлим фаоллари Цюрих кўчаларида форумга қарши норозилик намойишини ўтказишга улгуришган.

Мавзуга оид