Ўзбекистон | 18:23 / 22.12.2021
8839
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат хизматини қандай қилиб креатив ташкил қилиш мумкин? — Отабек Ҳасанов билан интервью

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов «Тошкент ёшлар форуми – 2021» тадбирларида иштирок этди ва тадбир якунида Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

— Ўзбекистонда бугун ҳам давлат хизматининг жозибадор эмаслиги оғир муаммолардан. Унга деярли кўп ҳолатда ОТМларни 3 баҳога битирганлар боради. Яхши баҳога ўқиган, кучли кадрлар ё хусусий секторга кетади, ё чет элга. Ёки магистратурадаги ўқишини давом эттиради.

Сизнингча, муаммо юқори раҳбариятда қанчалик тушуниляпти?

— Давлат хизматининг жозибадор эмаслигига сабаблардан бири – ишга киришдаги қийинчиликлар эди. Президент ўтган йили бизга давлат ташкилотларида меритократия тизимини яратиш бўйича топшириқ берганди.

Биласиз, авваллари ишга кириш учун даъвогарлар ўнлаб ҳужжатларни қўлида кўтариб юрарди. Аммо мана шунда ҳам даъвогарда ҳа ёки йўқ жавобига кафолат бўлмасди. Ҳозир эса шунчаки «vacancy.argos.uz» сайтига кирасиз ва кўрасизки, бир вақтнинг ўзида 11 минг 347 та турли вакант жойларга 329 минг киши ҳужжат топширган. Бунда ҳеч қандай ортиқча ҳужжатбозлик йўқ. Номзодлар тестдан, суҳбатдан ўтяпти ва ишга киряпти.

Лекин айтганингиздек, энди давлат хизматига салоҳиятли кадрларни олиб келиш керак. Чунки улар қанча ақлли бўлса, халққа шунча фойда. Биз шунинг учун ҳам келажак лидерлари клубини очдик. Қачон бизга «3» «4» баҳолилар келишини кутиб ўтирмадик. Биз уларни ўқитяпмиз, раҳбарликка тайёрлаяпмиз. Тасаввур қилинг, улар кейинги йилларда давлат хизматига кириб келади, кейинги йилларда яна шунча кадрни тайёрлаб оламиз.

Биз олий таълим ёки халқ таълими айбдор дея кадр кутиб ўтирганимиз йўқ. Ўзимиз бордик ёшлар олдига.

— Биз давлат хизматида ишлаётган исталган киши билан гаплашсак, у давлат ташкилотларида креативлик йўқлиги ва бўғиқ муҳит ҳақида гапиради. Сизнингча, бу табиий ҳолатми ёки ҳар қандай ишни ҳам креатив тарзда амалга ошириш тизими борми қандайдир?

Балки, бу ўша тизим раҳбарининг камчилигидир.

— Ҳозир креатив инновациялар жуда муҳим. Тўғри, аввал иш жараёнида ёшлар фикри эшитилмасди, ҳозир эса эшитиляпти. Бир мисол: биз ўз ташкилотимизга «vacancy.argos.uz» сайти кераклигини айтдик ва бу қабул қилинди. Ёки KPI тизимини айтдик ва бу ҳам қабул қилинди.

Фикримча, бунда ҳаммаси шахсга ва ташкилотдаги муҳитга боғлиқ.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов

— Бугун айни шу муҳит бўғиқ-да. Балки, шунинг учун ҳам давлат хизматига креативлар келишни хоҳламайди.

— Демак, сиз бўғиқ деётган муҳитдаги раҳбарларнинг ўзи ҳам бўғилиб қолган. Улар ўзлари пастдагиларни шу муҳитга тушираётган бўлиши мумкин. Агар ташкилотдаги биринчи раҳбар ходимларини қўллаб-қувватласа, уларни сўндирмаса, у ташкилотда креатив муҳит пайдо бўлади.

Бир мисол: AKT вазирлигига боринг, мен биламан у ерда Шерзод ака билан (Шерзод Шерматов — таҳр) қандай креатив ёшлар ишлаётганини. Ёки Молия вазирлигига боринг. Вазир Ишметов ҳам доим ёшларни қўллаб-қувватлайди.

Агар биринчи раҳбар креативни хоҳласа, ўша нарса тизимда ҳам бўлади, агар раҳбар хоҳламаса, бўлмайди. Бу ерда шахсга ҳам кўп нарса боғлиқ.

Шахсан мен давлат хизматида юрган киши сифатида айтаманки, бугун муҳит креативликка рухсат беряпти. Инновацияга ва фикрларни эшитишга рухсат беряпти. Фақат ходим буни жамиятга, ўша хизматга кераклигини исботлаб берсин.

— Сиз бир неча бор «argos» тизими ҳақида гапирдингиз. Лекин биз бугун шу тизим орқали ишга кирган ёки киролмаган кадрлар билан гаплашганимизда, улар ишга киришда якуний қарорлар барибир ички суҳбатларда ҳал бўлиб кетаётгани ҳақида гапиради.

— Бир нарсани тушунинг, бу тизим ишга киришни осонлаштирмади, бу фақат ишга кириш жараёнини осонлаштирди. Бунинг фарқи бор. Номзодлар авваллари ишга кириш учун ҳужжатларини ташиб юрарди. Тасаввур қилинг, 11 минг вакант лавозимга 328 минг киши ҳужжат топширган. Битта иш ўрнига 24-25 киши тўғри келяпти. Бу жараёнда ишга кирган бир киши рози, қолган 23 та кадрда эса эътирозлар бўлиши табиий ҳолат.

Бу орқали ҳамма ишга киради дегани эмас. Бу – зўрлар ишга кирсин дегани.

Аввал кўпчилик тестдан норози бўлаётганди, ҳозир тестни ҳам марказлашган ҳолда ўтказяпмиз. Иккинчиси, суҳбат. Тўғри, баъзида суҳбат қилаётганларнинг ўзида салоҳият етмайди. Шунинг учун энди суҳбат қиладиганларнинг ўзини ҳам ўқитмоқчимиз. Уларга савол бериш маданиятигача ўргатилади. Чунки савол билан кадрнинг ичидаги билими олиб чиқилади.

Биз иккинчи чоракда суҳбат комиссиясидагиларнинг ўзини ўқитиб, уларга сертификатлар бермоқчимиз. Агар унинг устидан 3 марта эътироз тушса, биз бу сертификатни ундан олиб қўямиз. У суҳбатда бошқа қатнашмайди.

— Ўзбекистонда давлат ташкилотларида меҳнат қонунчилигига амал қилиш масаласи, рости, жуда ёмон баҳога лойиқ. Биргина иш вақтига, ходимларнинг дам олиш вақтига амал қилиш масаласини олайлик. Бугун ҳам ташкилотларда ходимлар кунига 12-14 соатлаб ишлайди, шанба-якшанба кунлари кунлари эса турли хил селектор, мажлислар тинмайди. Бу бўйича ҳар қанча гапирилмасин, аҳвол яхшиликка ўзгараётгани йўқ.

Хўш, давлат ташкилотларида меҳнат қонунчилигига ҳурматни қандай тартибга келтириш мумкин?

— Йўқ, ўзгаряпти. Фақат қаердадир секинроқ, қаердадир тезроқ. Ҳозир «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун Олий Мажлисда муҳокама қилиняпти. У муҳокамадан ўтса, бу жараённинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилади.

Иккинчидан, биласизми, ходимларга “соат 18:00 дан кейин чиқиб кет”, дейишдан осони йўқ. Лекин халқ биздан натижадорлик ҳам кутяпти. Хўш, давлат ташкилотидаги кадр кун давомида нима билан шуғулланди? У давлатга нима фойда олиб келди? Ахир у солиқ тўловчиларнинг солиқларига ўтирибди-ку.

Биз уларга тезроқ KPI тизимини жорий қилишимиз керак.

Масалан, мен корхонада бош мутахассис, сиз эса етакчи мутахассиссиз. Бу тизим бўйича мен ҳам, сиз ҳам нима иш қилишимизни аниқ билишимиз керак. Агар кунлик иш ҳажмини юқори бажариб қўйсангиз, марҳамат, вақтида чиқиб кетаверинг. Лекин бажаролмасангиз, ишда қолган вақтингизда ишлатган электрингизга пул тўлаб бўлса ҳам, вазифангизни бажаришингиз керак. Чунки сиз вазифангизни бажаришга улгурмаяпсиз.

Биз бу масалага фақат меҳнат қонунчилигига қараб эмас, тизимли ёндашишимиз керак.

Биз ҳам босқичма-босқич мана шу тизимга ўтяпмиз. Бугун 12 соатлаб эмас, ақл билан, ватанпарварлик ва шижоат билан қисқа вақт ишлайдиган давр келди.

— Ўзбекистонда мажлисбозликлардан қутулиш формуласи қандай?

— Биринчидан, президент бундан буён мажлис ва йиғилишларни тугатиш бўйича топшириқ берган. Президент ва бош вазир мажлислари стратегик аҳамиятга эга, буни тушунамиз. Лекин пастдаги йиғилиш ва мажлислар бўлмаслиги керак. Бунинг ўрнига улар жойларда суҳбат тарзида ўтказилади.

Яна бир ҳолат – масалан, туман ҳокимлари ходимларни ким айбдор дея сўроқ қиляпти. Бу мажлисга кирмайди. У масалани ечимига киради. Бунинг ҳам фарқини билиш керак. Мажлис моно бўлади ва унда фақат бир киши гапиради.

Биз шу мажлислар бўйича ҳам бир тизим ўйлаяпмиз. Унга кўра, жойлардаги мажлислар онлайн тарзда назорат қилинади. Бу режали бўлиши керак. Биз бу бўйича ҳам малака курсларини ишлаб чиқишимиз керак.

Ҳозир бирданига бу ёмон ва бу яхши дейиш қийин. Аввал жойлардаги раҳбарларни ўқитайлик, уларга тушунтирайлик ва имконият берайлик. Улар тушуниши керакки, мажлисга кетган вақтида ҳам кўп ишга улгуриш мумкин ёки кўп ишга улгурмай қолиш.

Улар бирон-бир масалани мажлиссиз ҳал бўлмаслигини исботлаб берса, марҳамат, кейин мажлис қилиш керак. Биз бунинг ҳисобини юритамиз ва айта оламанки, бу йилги мажлислар ўтган йилгига нисбатан анча камайди. Лекин айтганингиздек, йўқ бўлмади. Бу йўқ бўлмайди. Мажлислар ҳамма даврда бўлган. Биз бугун унинг формати ва интерактивлигини ўзгартиришимиз керак.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид