Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аёлим ўқишни битиргунча, 8 ой боламга ўзим қарадим» — Германияда йирик компанияда ишлаётган ўзбек дастурчиси
Klarna – Европадаги йирик финтех компанияларидан бири. Унда саноқли ўзбеклар ишлайди. Шулардан бири Нодир Шамс Klarna’да дастурий таъминот муҳандиси. У нега Германияда қонунлар ишлаши, олмон маданияти, у ердаги маошлар ва бошқа мавзуларда Kun.uz’га гапириб берди.
Оила бирлашуви визаси
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида туғилган Нодирбек Шамс бакалавриатни Тошкент давлат ахборот технологиялари университетида ўқийди. Ўша пайтда инглиз тилини ўрганиб, тил сертификатига эга бўлгани қўл келиб, магистратура учун Жанубий Кореяга кетади.
Қаҳрамонимиз ўқиш даврида аёли ва фарзандини ҳам ўзи билан олиб кетишга ҳаракат қилади. Бироқ виза масаласи ҳал бўлавермагач, Германияга кетишга ҳаракат қилиб кўришади.
“6 ойлик уринишларимиз ўхшамагач, аёлим Германияда DAAD стипендиясига ҳаракат қилган. Стипендия олгач, ўғлим билан Германияга кетишган. Кейин мен ҳам магистратурани битириб, оила бирлашуви визаси асосида Германияга жўнадим”, – дейди у.
“Ўғлимизга 8 ой ўзим қараганман”
Оила бирлашуви визаси мигрантларга Германияда ишлаш ҳуқуқини беради. Лекин Нодирбек Германиядаги дастлабки 6 ойда аёлининг ўқишига ёрдам беради.
“Чунки аёлим ўқишини битириб олиши учун амалиёт ўташи керак эди. Унинг амалиёт жойи ва яшаш жойимиз бошқа федерал ерларда жойлашгани сабабли у бориб келиши учун болага кимдир қараб туриши керак эди. Шу вазифани ўзим бажарганман. 8 ой ўзим бола парвариши билан шуғулландим”, – дейди Нодирбек Шамс.
Шундан кейин турли IT компанияларига иш учун ҳужжат топшириб кўради ва компаниялардан бирин-кетин чақирув таклифларини олади.
“Албатта, IT компаниялари интервюлари жуда қийин бўлади. Уларга яхши тайёрланиш керак. Болага қараган вақтим давомида 3 ой интервюларга ҳам тайёрланганман. Охирида adidas ва Klarna компанияларидан ишга таклиф олганман”, – дейди у.
$50 мингдан $90 минггача йиллик маош
Мана 3 йилдирки, Нодирбек Klarna’ни танлаб 3 йилдан бери шу компанияда Senior Software Engineer лавозимида ишлаб келади.
Маълумот ўрнида, Klarna – Европа бўйлаб пул ўтказмаларини амалга оширадиган компания. 2005 йилда ташкил қилинган. Европада регуляторлар жуда ҳам қаттиқ бўлгани учун у ерда финтеxни ривожлантириш жуда қийин. Klarna буни осонлаштирган ҳолда мижозларга тақдим қилган.
Кўпчилик доим қизиққан мавзу бўлгани учун Нодирбек компания маошлари ҳақида ҳам гапириб берди. “Компания билан келишувим борлиги учун аниқ ойлигим ҳақида айтолмайман. Лекин ўртача йиллик маош 50 минг доллардан 90 минг доллар атрофида бўлади. Ўзи умуман ойликлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун LinkedIn’даги кириб кўриш мумкин. У ерда компаниялар тўғри маълумотларни жойлайди. Шундан билиб олса бўлади”, – дейди у.
У бу ойлик оилада бир киши ишлаган тақдирда ҳам Германияда жуда ҳам яхши ҳаёт кечиришга етиши, хоҳлаган уйда яшаб, хоҳлаган машинани минишга имкон беришини айтади.
Шифокорлар тақчиллиги
Нодирбек Германияда шифокорлар, айниқса, мутахассис шифокорлар анча танқислиги ва бу касбга талаб юқорилигини айтади.
“Бир неча ойлаб олдин шифокорга ёзилиб қўйишади. Дейлик, бир шифокор 1 кунда 2 нафар бемор кўрса, 1 йилда 700 нафаргача мижоз қабул қила олади. Германияга шифокор беморга 2 саволни беради: Кўп сув ичдингизми, 3 кун ётдингизми? Агар шу ҳам ёрдам бермаса, кейин жиддий текширув бошлайди. Шунинг учун агар 3 кунда ўлиб қолмасанг, кейин даволашни бошлашади”, – деб ҳазил қилади Нодирбек.
У Германиядаги ҳаёт тарзи ҳақида гапираркан, мамлакатда шанба-якшанба дам олиш кунлари эканлигини, одамлар эса шанба куни бозорлиг-у ҳамма нарсага улгуриши кераклигини айтди. Чунки якшанба куни ҳеч қаер ишламас, немислар бу кунда ухлайди, дам олади, велосипед миниб ташқарига, ўрмонга чиқиб кетади.
“Германия илк келганимда талабалар шаҳарчасида яшагандим. У ер шовқин эди. Кейинчалик ҳақиқий немис қишлоғида яшадим. Бу ер якшанба куни худди қабристондек жимжит эди”, – дейди у.
Нодирбек ишга бориб келиши 9-10 километрни ташкил қилиши ва бу масофани одатда велосипедда ёки яёв босиб ўтишини айтади.
Чанг кўпайган, бизнес муҳит яхшиланган
У Тошкент шаҳридаги ижобий ва салбий ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди.
“Метролар узайган. Буни позитив ўзгариш дея оламан. Шаҳарда чанг кўпайган. Келганимдан кейин 2 кунча йўталиб қолдим. Кейин ўргандим, ўтиб кетди. Ва яна бизнес муҳит Тошкентда жуда кучайганини сездим. Одам ҳам шаҳарда анча кўпайган. Ўзбек тилига ҳурмат ҳам олдингидан анча яхшиланганини кўрдим. Масалан, олдин банкларда рус тилида хизмат таклиф қилишган бўлса, ҳозир ўзбек тилида таклиф қилишади”, – дейди дастурчи.
Бироқ у Ўзбекистонда ўзбек тили мавқейининг пастлигини ўғли ва Тошкентда бўлган бир воқеа мисолида айтиб берди.
“Ишим инглиз тилида бўлгани учун немис тилим унча яхши эмас. Аёлим ва ўғлимнинг асосий тили эса немис тили, шу учун уйда ўзбекча гаплашамиз. 1,5 йил олдин Тошкентга келганимизда ўғлим болалар билан мулоқотга киришиш учун уларга ўзбек тилида мурожаат қилди. Бироқ болалар тушунишмади, кейин инглиз ва немис тилида гапирди, буни ҳам табиийки тушунишмади. Лекин болаларнинг исми ўзбекча эди. Шунда ўғлим Ўзбекистонда нега ўзбеклар ўзбекча гапирмайди, деб сўраб қолди. Мен ҳам ҳайрон қолдим. Чунки бу Германияда катта бўлаётган одам учун жуда ғалати ҳолат. Сабаби Германияда ҳамма немис тилини ўрганишга мажбур”, – дейди у.
Германия – бюрократик давлат
Дастурчи Ўзбекистон ҳақида гапираркан, одамларнинг ўзи ҳам кўп нарсага эътиборсизлигини айтади.
“Масалан, – дейди у, – Ўзбекистонда коррупция кўп, ривожланиш йўқ дейишади. Бироқ одамларни ўзи оддий нарса – йўлда тўғри ҳаракатланишни билмайди. Масалан, 3 қаторга ажратилган йўл. Лекин ҳайдовчилар 4 қатор бўлиб юришади. Тушунмайман, машинани тўғри ҳайдашнинг коррупцияга нима алоқаси бор?”
Дунё бўйича Германияда қонунлар ишлашини кўп эътироф этишади. Нодирбек Шамс фикрича, бунинг сабаби Олмонияда ҳар бир инсон ўзининг даражасида жавобгарлигини билади. Ва қонун ҳамма нарсадан устун туради. Қонун кимдир учун ёзилмайди. Қонун ўша халқнинг манфаати учун ёзилади ва унинг олдида ҳамма тенг. Шунинг учун ҳам Германия ўта бюрократик давлат, қонунлар зўр ишлайди ва шунинг учун ҳам ҳамма нарса секин.
Сабр ва позитивликни сақлаб қолиш
Қаҳрамонимиз Германияда яхши яшаш учун ё ўта камбағал бўлиш керак ёки ўта бой бўлиш кераклигини айтади. Чунки қандайдир омади келмаган инсоннинг яшаш харажатини кимдир қоплаб бериши керак. Шу ўрта қатлам чекига тушади. Социал тизим жуда ҳам кучли, бу ҳамма нарсада кўринади. Шунинг учун солиқлар жуда катта.
“Масалан, оила қурмаган кишидан 42 фоиз даромад солиғи олинади. Шуни мен тушунмайман, Ўзбекистонда қандай қилиб 12 фоиз солиқ билан социал тизим яратиш мумкин? Баъзан Тошкентда ҳовли олмадингми ёки бошқа деб сўраб қолишади. Ўз маҳоратларингизга инсон сифатида инвестиция киритиш баъзан жуда кўп вақт олади. Албатта, бунинг орқасида қайтиб келадиган нарса ҳам бор. Шунинг учун бунга сабр қилиш керак. Ўсиш Ўзбекистондагидек тез бўлмаслиги мумкин. Иммиграция доим ҳам осон кечадиган жараён эмас. Шунинг учун сабрли бўлиш ва позитивликни доимий сақлаб туришни маслаҳат берган бўлардим”, – дея суҳбатни якунлади Нодирбек Шамс.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
11:53 / 01.01.2025
“Таълимни овқатланиш нархида олиш мумкинлигини исботладик” – Google, Аmazon, Facebook тажрибасида ўқитаётган ўзбек дастурчиси
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
18:20 / 12.11.2024
“Муаммо – эринчоқлигимизда”: одамдаги стресс даражасини аниқлаш устида ишлаётган ўзбекнинг дастурчи қизи
10:07 / 28.06.2024