Жамият | 22:56 / 18.11.2022
16040
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Давлат байроғининг 31 йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтказилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Фото: Республика Маънавият ва маърифат маркази Ахборот хизмати

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам тадбирини Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо кириш сўзи билан очиб, ушбу байрамнинг мазмун-моҳияти, байроғимизнинг давлат рамзи экани, унинг ёшларда миллий ватанпарварлик ҳиссини тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Вазирлар Маҳкамасининг Маънаваият ва Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти раҳбари Собир Шукуров, Ўзбек Миллий академик театри деректори  Ёдгор Саъдиев, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан Дурдона Раҳимова, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ҳам ўз фикрларини билдиришди.

Шундан кейин байрам тадбирининг асосий қисми бошланди. Ҳарбийларимиз узунлиги 100 метр бўлган Давлат байроғини кўтарган ҳолда иштирокчиларнинг олқишлари остида майдонга кириб келишди. Майдон узра ҳарбий қисм аскарлари, курсантлар ва “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари иштирокида ватанпарварлик мавзусида саф қўшиқлари янгради.

Байрам муносабати билан  Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва бошқа ҳамкор вазирлик, идоралар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги марказий кўчалардан Давлат байроғини ўрнатган ҳолда “Ватанпарвар автокарвони” ўтди. Миллий Гвардия отлиқлар сафи ватанимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб юришди.

Тадбирда маънавий-маърифий соҳаларда фаоллик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ таъсис этилган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

17-19 ноябрь кунлари мамлакатимиздаги вазирлик ва ташкилотлар, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, ҳарбий билим юртлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасаларида “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди. Байрам арафасида мамлакатимиз аҳолиси кўксига давлат байроғи акс этган лента ва тасмалар тақиш акцияси амалга оширилди.  

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” мавзусидаги видеороликлар танлови ҳамда “Инсон қадри учун” туркумидаги видеороликлар танлови ғолиблари тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда “Рангларда акс этган Ватан мадҳи” мавзусида расмлар танлови ва “Ватан мадҳи янграр дилимда” онлайн интеллектуал танлови  ҳам ўтказилди.

Давлат байроғини қадрлашга қаратилган тасвирий тарғибот воситалари республикамизнинг барча марказий кўчаларидаги панно ва баннерларга жойлаштирилди, давлат рамзларига бағишланган видеороликлар LED экранлар ва маҳаллий телеканалларда намойиш этилди.

Халқлар дўстлиги майдонида халқимиз суйган санъаткорлар томонидан кенгайтирилган концерт дастури намойиш этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид