Спорт | 19:20 / 14.05.2023
54933
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик боксчилар Тошкентдаги ЖЧни биринчи ўринда якунлади

Ўзбекистон бокс жамоаси олтин медаллари сонини 5 тага етказиб, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини янгилади. Жамоа жами 9 медал билан Тошкентдаги турнирда биринчи ўрин эгаллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг охирги кунида Ўзбекистон бокс жамоаси яна 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди. 

Дастлаб Ойбек Жўраев (-54 кг) чемпионлик учун рингга кўтарилди. Аммо у қозоғистонлик Маҳмуд Сабирхан билан жангда ютқазди ва кумуш медал билан кифояланди.

Абдумалик Халоков (-57 кг) эса финалда кубалик Сиедел Хорта устидан ғалаба қозонди ва олтин медалга эга чиқди. У 2 йил муқаддам Сербияда ўтган дунё биринчилигида кумуш медални қўлга киритганди.

Тошкентдаги жаҳон чемпионатида дебют қилган Руслан Абдуллаев (-63,5 кг) ҳам мусобақани олтин медал билан якунлади. У финалда мўғулистонлик Чинзориг Батарсухдан устун келди.

Саиджамшид Жафаров (-71 кг) эса кутилмаганда финал жангида ютқазиб қўйди. Қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновга қарши жангда унга тажриба етишмади ва у ҳам кумуш медал билан кифояланди.

13 май кунги финал баҳсларида қатнашган ўзбекистонлик уч бокчси – Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-67 кг), Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг) ўз жангларида ғалаба қозонишганди. Яримфинал баҳсларида ютқазган Аълохон Абдуллаев (-75 кг) ва Лазизбек Мулложонов (-92 кг) жамоа ҳисобига биттадан бронза медалларни тақдим этишганди.

4 нафар боксчи Шодиёр Мелиқўзиев (-48 кг), Мужибилло Турсунов (-60 кг), Жасур Йўлдошев (-80 кг) ва Шоҳжаҳон Абдуллаев (-86 кг) мусобақани медалсиз якунлашди.

Маълумот учун, турнир чемпионлари – 200 минг, кумуш медал соҳиблари – 100 минг, бронза эгалари – 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланишди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоаси турнирда 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза – жами 9 та медал олиб, медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам биринчи бўлди. Қозоғистон 4 та олтин ва 1 та кумуш медал билан иккинчи ўринда қолди.

Шунингдек, Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини янгилади. Go Sport маълумотига кўра, бунгача Ўзбекистон жамоасининг энг яхши натижаси 2019 йилги Екатеринбургда бўлиб ўтган ЖЧда қайд этилган бўлиб, ўшанда Ўзбекистон вакиллари 3 та олтин медални қўлга киритишганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид