Спорт | 19:34 / 28.11.2025
4634
2 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича 2026 йилги жаҳон кубоги Ўзбекистонда ўтказилади

World Boxing байроғи остидаги нуфузли мусобақа ноябрда бўлиб ўтади.

Фото: Getty images

World Boxing халқаро бокс федерацияси 2026 йилги мусобақалар тақвимини эълон қилди.

Унга кўра, 2026 йилги жаҳон кубоги финал босқичи ноябр ойида Ўзбекистонда ўтказилади.

Биринчи босқич апрел ойида Бразилияда бўлиб ўтади. Хитой июн ойида иккинчи босқичга мезбонлик қилади. Финал босқичи ноябр ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Аниқ саналар ва шаҳарлар кейинроқ эълон қилинади.

Дастлабки мусобақалар тақвимига U19 жаҳон чемпионати ҳам киритилган, аммо ўтказиш жойи ҳали аниқланмаган.

World Boxing – Халқаро бокс ассоциациясидаги (IBA) кўп йиллик инқироздан сўнг, Олимпия (ҳаваскор) боксини бошқариш учун ташкил этилган янги халқаро спорт федерацияси. 2023 йил 13 апрелда ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган.

2025 йилда ХОҚ World Boxing ташкилотига вақтинчалик (оралиқ) тан олиш мақомини тақдим этди, бу эса унга 2028 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда иштирок этиш имконини беради.

Икки йилдан камроқ вақт ичида World Boxing 100 дан ортиқ миллий федерацияларни, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам бирлаштирди. Аъзолик ХОҚ спорт жараёнларини бошқариш ва ҳалоллик талабларига жавоб берадиган барча миллий ташкилотлар учун очиқ.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, World Boxing фаолияти аллақачон ҳаваскор бокс бошқарувини янгилашга, мусобақалар шаффофлигини, спортчилар ва мураббийларнинг халқаро тизимга бўлган ишончини оширишга олиб келди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид