Ўзбекистон | 10:07 / 30.03.2019
13342
3 дақиқада ўқилади

Жиноят кодексида қўлланиладиган атамаларга аниқ таъриф бериш ёки чиқариб ташлаш таклиф этиляпти

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Жиноят кодексида қўлланиладиган атама, тушунчаларга аниқ таъриф бериш ёки чиқариб ташлаш ҳақида петиция эълон қилинган.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-бўлимида “кўп миқдорда зарар” сўзининг ҳуқуқий маъноси (кўп миқдордаги зарар - энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган миқдордаги зарар) белгиланган. 

“Лекин, “жиддий зиён” сўзининг ҳуқуқий маъноси ҳамда унинг миқдори белгиланмаган. Жиноят кодексининг 144, 192-11, 205, 206, 207, 208, 229, 278-1, 278-4, 301-моддаларига кўра, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, жиноят келиб чиқади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сонли қарорининг 27-бандида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зиён етказиш моддий зарар тарзида ҳам, бой берилган фойда тарзида ҳам, шунингдек, турли хил манфаатларга бошқача зарар етказишда, ҳокимият органларининг обрўсига путур етказишда, оғир жиноятларни яширишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, бунда ҳам “жиддий зиён”ни миқдори бўйича сўз юритилмаган”, - дейилади петицияда. 

Қайд этилишича, “жиддий зиён” миқдори ноаниқ бўлганлиги сабабли яъни, етказилган зарар сўмда баҳоланган ҳолатда ҳам кўп миқдорни ташкил этмаган зарарни тергов ва суд органлари томонидан “жиддий зиён” деб баҳолаб фуқароларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари келиб чиқмоқда. 

Бу, ўз навбатида, Жиноят кодекси нормаларини амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилаётганидан далолат бермоқда. Натижада, фуқароларнинг қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари поймол бўлмоқда, дейилади матнда.

“Шунга кўра, Жиноят кодекси 8-бўлимига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали “жиддий зиён” атамасига ҳуқуқий таъриф бериш ёки ушбу моддалардан “жиддий зиён” атамасини чиқариб ташлаш лозим бўлади, деб ҳисоблайман”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид