Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2021 йил 1 январдан бошлаб банклар ва йирик солиқ тўловчиларда бухгалтерия ҳисоби МҲХС асосида юритилади
Акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади
Фото: 123RF
Президент “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Белгиланишича, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар:
2021 йил 1 январдан бошлаб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди, қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно;
2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан (халқаро бухгалтер сертификати) бирига эга камида уч нафар мутахассис миқдорида МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминлайди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилдан бошлаб, ушбу бандда кўрсатилмаган давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналарининг МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвали ҳар йили тасдиқланиши ва 1 июнга қадар расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминлайди.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади ва унга қуйидаги функциялар юкланади:
Давлат солиқ қўмитаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда МҲХСнинг жорий этилишини, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий ҳисоботлар МҲХС асосида ўз вақтида эълон қилинишини мониторинг қилиш;
МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш, шу жумладан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотларини (аккредитациядан ўтган ўқув марказлари) ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказиш юзасидан бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар (Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (Association of Chartered Certified Accountants - ACCA) ва бошқалар) билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш;
ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ўқув жараёнининг сифатини, имтиҳонларни ўтказиш ва натижаларини баҳолашнинг шаффофлигини таъминловчи МҲХС бўйича сертификатлашнинг самарали тизимини жорий этиш, шунингдек, МҲХС соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни аккредитациядан ўтган ўқув марказларида ўқитиш бўйича ташкилий тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХСга мувофиқ уйғунлаштириш.
Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси тузилмасида вазирликнинг бошқарув ходимлари чекланган сони доирасида учта штат бирлигидан иборат молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этишни мувофиқлаштириш ва эълон қилинадиган молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи назорати бўлими ташкил этилади.
Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ва мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.
Молия вазирлиги:
а) бухгалтерлар ва аудиторлар республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритади:
2020 йил 1 июнга кадар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва уларга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисидаги низом;
2021 йил 31 январга кадар МҲХСни жорий этишнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ва МҲХС бўйича мавжуд кадрлар салоҳиятини ўрганиш натижаларига кўра тайёрланган бухгалтерларни сертификатлаш миллий тизимини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлилий маълумотнома;
б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор давлат органлари ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш жадвали ҳар йили тасдиқланишини таъминлайди;
в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институтининг "Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқлайди;
2020 йил 31 декабрга қадар бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш натижалари асосида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” бакалавриат таълим йўналишида ўқитишнинг кундузги шакли муддатини қисқартириш имконияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2020 йил 1 августга қадар бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича МҲХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурларини тасдиқлайди ва белгиланган тартибда таълим жараёнига жорий этади;
2020 йилдан бошлаб тажриба-синов олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро аккредитациядан ўтказиш ва кейинчалик мазкур тажриба-синов лойиҳасини босқичма-босқич республикадаги соҳага оид бошқа олий таълим муассасаларида жорий этиш чораларини кўради;
2021 йил 1 январга кадар “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог кадрларнинг аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитилишини таъминлайди, шунингдек, олий таълим муассасаларининг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида таҳсил олган педагог кадрлари тўғрисидаги маълумотлар базасини расмий веб-сайтида эълон қилади ва доимий равишда уларни янгилаб боради.
Белгиланишича:
2021 йилдан бошлаб, МҲХС ва аудитнинг халқаро стандартлари (АХС) бўйича ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади. Аккредитациядан ўтган ўқув марказлари лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилиш шарти билан, тегишли лицензия олмасдан МҲХС ва АХС бўйича ўқитиш ва малака ошириш юзасидан лицензияланган фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, тажриба-синов олий таълим муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” ёки “АХС бўйича аудит” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилади;
халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар олий таълим муассасалари магистратурасининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига эга.
Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар солиқ ҳисоботи шаклини қайта кўриб чиқади ва унинг МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботга мослаштирилган шаклини ишлаб чиқади.
Белгиланишича, 2020-2025 йиллар давомида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, малака ошириш, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистонда дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари Ўзбекистоннинг республика бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади ва қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) олий таълим муассасаларининг буюртманомаларига асосан:
олий таълим муассасаларининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог кадрлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта - тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта - имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;
олий таълим муассасаларининг талабалари ва битирувчилари (ўқишни тугатгандан сўнг олти ой ичида) имтиҳонни муваффақиятли топширган тақдирда, биринчи марта - тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта - имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;
б) давлат органларининг буюртманомаларига асосан ўз ходимлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта - тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта - имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади.
Молия вазирлиги:
молиявий ҳисоботнинг ягона стандартларини ишлаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган мустақил халқаро ташкилот ҳисобланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари фонди (МҲХС фонди) билан битим тузади;
2020 йилда МҲХС ва унга тушунтиришлар матнини давлат тилига таржима қилиш, бошқа тилларда МҲХСни қўллаш билан боғлиқ ҳамда МҲ.ХС фонди йиллик бадаллар тўлаш харажатларини Ўзбекистоннинг республика бюджети қўшимча даромадлари ҳисобидан қоплайди, 2021 йилдан бошлаб эса зарур маблағлар ажратилишини Ўзбекистоннинг республика бюджетида назарда тутади.
Мавзуга оид
14:39 / 05.01.2026
Электрон ҳисобварақ-фактуралар “паст” ва “юқори” хавф тоифаларига ажратилади
12:31 / 11.12.2025
Барча дорихоналар “Электрон рецепт” орқали ишлашга ўтади
13:11 / 18.11.2025
Бинолар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда
17:02 / 17.11.2025