Жамият | 19:31 / 02.07.2020
72019
4 дақиқада ўқилади

Тойлоқлик ёш она аросатда: туғруқхонада дастлаб унга ўғил кўргани айтилганди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан келган мурожаат одатдаги вазиятларга ўхшамайди. Туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида туғилган чақалоқ дастлаб ўғил, деб айтилади. Икки кун ўтгач эса қизалоқ туғилгани маълум қилинган...

Мурожаатчиларга «хўп, шифокорлар адашишгандир», дедик. «Йўқ, нега бу вақт оралиғида болани кўрсатишмади? Кўнглимизда шубҳа бор» дея эътироз билдиришди. Шундан сўнг мурожаатни ўрганиш учун Тойлоқ туманида бўлдик.

«26 июнь куни келинимни шифохонага олиб келдик. Унинг биринчи фарзанди, қолаверса, жуссаси ҳам бироз кичиклиги учун операция йўли билан дунёга келтиришни таклиф қилишди. Рози бўлдик. Маълум вақт ўтгандан сўнг шифокорлар операция яхши ўтгани ва ўғил набирали бўлганимни айтишди. Хурсанд бўлдик, яқинларга хабар бердик. Келиним ва набирамнинг аҳволи яхшилангунга қадар шифохона яқинида бўлиб турдим. Дўхтирлардан бир неча марта уларнинг аҳволини сўрадим.

28 июнь куни тушликдан кейин шифокорлар уйимизга боришди. «Ўша куни хато бўлибди, сизларга нотўғри хабар берибмиз. Набираларингиз ўғил эмас, қизалоқ экан», дейишди. Қиз ҳам, ўғил ҳам — фарзанд, аммо кўнглимга шубҳа тушди: яқинлар, қариндошлар олдида уятли бўлиб қолдик», дейди Тойлоқ тумани «Тараққиёт» МФЙда истиқомат қилувчи Ойсара Сафарова.

Чақалоқнинг онаси Фарангиз Облобердиева билан суҳбатлашганимизда, бола ўзининг фарзанди эканлигига ишонмаётганини маълум қилди.

«Туғруқдан олдинги текширувларда ҳам менга фарзандим ўғил бола эканлиги айтилганди. Жонлантириш бўлимида эдим, ўша вақтда фарзандимни қўлимга олмаган бўлсам, бу гапга қандай ишонай?», деди у.

Ўша куни операция жараёнида бевосита иштирок этган туғруқхона бўлими бошлиғи билан суҳбатлашдик. У аёл мустақил фарзандини дунёга келтира олмаслиги маълум бўлгач, операция қилишга тўғри келганини айтди.

«Операция яхши ўтди. Аммо кимдир ўғил фарзанд туғилди, деб нотўғри маълумот берибди. Ўша вақтда чақалоқнинг жинсига эътибор бермаганман, ҳамшираларга топширганман», деди Шуҳрат Қаршибоев.

Ҳақиқатга ойдинлик киритиш аслида унчалик ҳам муаммо эмас. Бироқ айни вақтда бир ҳолат киши кўнглини хира қилади. Бундай вазиятда ҳамманинг ҳам кўнглига шубҳа тушиш эҳтимоли бор. Бу инсон омили билан боғлиқ жараён. Замонавий технологиялар ёрдамида қизалоқ ҳақиқатан ҳам Ф.Облобердиеванинг зурриёди эканлигини аниқлашнинг имкони бор. Масала шундаки, улар бугун ўзини изза бўлгандек ҳис қилишяпти. Вазиятга эътиборсизлик, лоқайдлик, деб баҳо беришмоқда.

Шу ўринда ўзимиз гувоҳ бўлган бошқа бир ҳолат ҳам бор. Ҳозир карантин қоидаларига амал қилиш лозим. Шу сабабли шифохона дарвозаси олдида беморларнинг яқинлари тўпланиб қоляпти. Дори-дармонни қабул қилиб олиш учун ҳам масъуллар тайинланмаган. Одамлар ярим соатлаб эшик олдида қолиб кетаётганидан нолиди.

«Келинимиз кеча кечқурун олиб кириб кетилган. Унинг аҳволи қандайлигини кўзимиз билан кўрмадик. Ўзи телефон орқали операция қилишмоқчи эканлигини айтди. Бу ҳақда бизга бирор шифокор чиқиб тушунтириш бергани йўқ. На ичкарига кира оламиз, на кимдир чиқиб бизга вазиятни тушунтиради», дейди «Ўкрач» маҳалласида истиқомат қилувчи Нодира Хуррамова.

Хулоса қилгимиз йўқ. Келинг, шифокорлар чақалоқнинг ўғил ёки қиз бола эканлиги борасида бир марта, тасодифан эътиборсизлик қилди, дейлик. Аммо кўрганларимиз – аҳолининг фикри, бирлашма ҳудудидаги кайфият тасодифлар яна такрорланиши мумкинлигига ишора қиляпти.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзуга оид