Ўзбекистон | 16:54 / 24.01.2024
9149
2 дақиқада ўқилади

Симёғочдаги “лочин кўз” – Тойлоқда айрим радарлар нотўғри ўрнатилгани маълум бўлди

Туман ҳудудидан ўтувчи А-377 автомобил йўлининг баъзи қисмларида «лочин кўзли» фоторадар мосламалари симёғочга ўрнатилгани айтилмоқда. Бу ҳукумат қарори билан тасдиқланган техник талабларга зид.

Фото: Kun.uz

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида симёғочларга радарлар ўрнатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, радар ўрнатилган ҳудудлар аҳоли яшаш пункти ҳисобланиб, тезликни чеклашга асос мавжуд. Бироқ тадбиркорлар томонидан радар ўрнатишда қоидаларга амал қилинмаётгани оқибатида ҳайдовчилар жабр кўриб қолаётган ҳолатлар ҳам бор.

Маълум бўлишича, Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи А-377 автомобил йўлининг Маданият аҳоли яшаш пункти, туман маркази, Сариосиё ва Шопулот маҳаллаларидан ўтувчи километрлари оралиғида «лочин кўзли» фоторадар мосламалари ўрнатилган. Мазкур радарларни ўрнатишда меъёрларга амал қилинмаган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги қарори билан “Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Ҳужжатда қайд этилишича, радар ўрнатишда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси филиалидан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий корхонасидан, Автомобил йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобил йўллари бош бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларидан объект бўйича техник шартлар олиши лозим. 

Техник талабларга кўра, тизимлар 6 метрдан кам бўлмаган баландликда металл устунга (!) ўрнатилиши талаб этилади.  

Масъул ташкилотлар Тойлоқ тумани ҳудудидаги симёғочларга ўрнатилган радарларнинг қанчалик меъёр талабларига мос келишини назоратга олишлари зарур.

Олдинроқ Хоразм вилоятида радарлар билан боғлиқ низоли ҳолат кузатилганди. Тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар ҳайдовчи тезликни оширганини қайд қилган, вилоят ИИБ ЙҲХБ жарима қўллаган. Ҳайдовчи эса тезликни оширмаганлигини, радар белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилганлигини айтиб, судда ютиб чиққанди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид