Жаҳон | 19:09 / 19.11.2024
4541
8 дақиқада ўқилади

Трамп Москва ва Теҳроннинг иттифоқини парчалай оладими?

Россия ва Эроннинг сўнгги йилларда тезлашган яқинлашуви янги қийинчилик — Доналд Трампнинг президентлигига рўбарў келмоқда. Янги президентнинг ташқи сиёсий режаларидаги аллақачон маълум нарсалардан бири, Вашингтон Москва билан мулоқотни йўлга қўймоқчи, Теҳронга эса, аксинча, босимни оширмоқчи.

Владимир Путин ва Доналд Трамп Осакада ўтган G20 саммити доирасидаги учрашувда, 2019 йил 28 июн.
Фото: Михаил Климентьев / Спутник / Reuters / Scanpix / LETA

Американча марҳамат ва нафратнинг бу омихтаси Россия-Эрон иттифоқини бириктириб турган аксилғарб бирлигига нечоғлик рахна сола олиши ҳақида шарқшунос Никита Смагина Carnegie Politika лойиҳаси учун мақола ёзди.

Интеграция авангардида

Украинага босқин уюштирилганидан сўнг Россияда Эронга нисбатан пайдо бўлган жўшқин қизиқиш 2024 йил ўрталарига келиб анча сўнди. Аввал тахмин қилинганидек, Эрон йўналиши Москва учун ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ҳам, янги иқтисодий истиқболлар нуқтайи назаридан ҳам кўмакчи бўла олмади. Ҳар икки мамлакат ўртасидаги савдо йилига 4-5 млрд доллар атрофида тебраниб турибди. Гарчи Россияга Эрондан олиб кирилаётган маҳсулотлар ҳажми ошган бўлса-да, Эрон компанияларининг Россия бозорига кенг кўламли экспансияси ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Бироқ, иқтисодий интеграция нуқтайи назаридан икки мамлакат сўнгги икки йил ичида анча ишни амалга оширди. Уларнинг энг муҳими — Эрон Евросиё иқтисодий иттифоқи билан эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома имзолади ва 2025 йилда ишга тушади. Бу мамлакатлар ўртасида барча товарларга бож миқдорини 90 фоизга пасайтиради. Эрон учун янги эркин савдо зонаси бундай келишувларнинг биринчиси, ЕОИИ учун эса иккинчиси (биринчиси 2016 йилда Виетнам билан имзоланганди).

Боз устига, Теҳрон ЕОИИ қошида кузатувчи статусини олиш учун ариза берди. Молдова, Ўзбекистон ва Куба ҳам бундай статусга эга, лекин Эрон ишлаётган эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим билан қўлга киритган илк мамлакат бўлади.

Шунингдек, Теҳрон ва Москва ўзларининг Shitob ва «Мир» тўлов тизимларини расман интеграция қилишган. Эрон томони баёнотларига кўра, Эрон карталарини Россия банкоматларида шу йилдан ишлатиш мумкин, Россия карталаридан эса келгуси йилдан Эронда фойдаланса бўлади. Бу келишув мисли кўрилмаган бўлди, чунки шу пайтгача на Хитой, на Туркия ва на БАА банклари Теҳрон билан бу борада келишувга эриша олган.

Бунга яна Москва Теҳроннинг халқаро бирлашмаларга аъзо бўлишида кўмакчи эканини ҳам қўшса бўлади. Россия ташаббуси билан Эрон 2023 йилда ШҲТга аъзо бўлди, Россия томони Ислом республикасининг 2024 йилда BRICS’га аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади. Теҳрон ва Москванинг алоҳида ҳарбий ҳамкорлигини гапирмаса ҳам бўлади: томонлар бир бирига қурол-яроғ етказиб бериб, Каспийдан Форс кўрфазигача қўшма ҳарбий машқлар ўтказиб келмоқда.

Умуман олганда, Россия Эрон билан шунчаки ҳамкорлик қилмасдан, Теҳрон билан муносабатларда янги интеграцион моделларни синаб кўрмоқда. Эркин савдо зонаси билан бирлашув, молиявий тизимларни бирлаштириш ва умумий халқаро ташкилотларга аъзолик икки мамлакат яқинлашувини мустаҳкамлаши, алоқаларни барқарорлаштириши ва турли тебранишлардан асраши керак. Худди шу мақсадда томонлар анчадан буён тилга олиб келаётган узоқ муддатли Россия-Эрон ҳамкорлиги тўғрисидаги ҳужжат тайёрланмоқда.

Ёйилиш контурлари

Ўтган даврда Россия кейинчалик бу тажрибани бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда қўллаш учун Эрондан синов майдони сифатида фойдаланиб кўрган. Масалан, Бушаҳр шаҳрида атом электр станцияси қуришда шундай бўлган. Бу АЭС шундай ҳамкорликнинг намунаси ҳамда «Росатом»нинг реклама лойиҳаси бўлди — ўшанда ҳеч бир давлат бундай мураккаб давлатдаги қийин вазифани ўзи зиммасига олишга тайёр эмасди. Яқин Шарқ давлатлари учун Бушаҳрдаги тажриба ўта ишонарли кўринди, пировардида россиялик пудратчилар Туркиядаги «Аққую» ва Мисрдаги «Ад-Дабаъ» атом электр станцияларини қуришда ёрдам бермоқда.

Бугунги кунда Россиянинг «Эрон тажрибаси»нинг миқёси янада кенгайган. Эрон Москва учун уникал ҳамкорга айланди: уларни аксилғарб риторикаси ва кўплаб санкциялар яқинлаштириб турибди. Россия янги интеграцион воситаларни синовдан ўтказиш ва келгусида уларни бошқа давлатларга нисбатан қўллаш учун айнан Эронни танлаб олгани бежиз эмас.

Масалан, Москва аллақачон Миср ва БАА билан худди Эрон билан имзолангани сингари ЕОИИ доирасида эркин савдо бўйича битим тузиш арафасида. Шунингдек, потенциал номзодлар орасида Индонезия ҳам бор. Бу ҳолатда Ҳиндистон ва Хитой каби иқтисодиёт бўйича оғир вазнлилар бундай таклифни олишмайди, чунки Кремлнинг режалари бўйича ЕОИИ бирлашмада йирик иқтисодий ўйинчи сифатида қолиши лозим бўлган Россиянинг етакчилик қилиш зонаси ҳисобланади.

Кейинги намунавий қадам Эрон ва Россиянинг тўлов тизимлари бирлаштирилиши бўлиши мумкин. Эрон томони аллақачон BRICS давлатларининг тўлов тизимларини бирлаштириш учун «Мир» ва Shitob’ни интеграция қилиш моделидан фойдаланишни таклиф қилган.

Параллел равишда Москва ШҲТ ва BRICS’ни кенгайтириш ғоясини илгари сурмоқда. Биринчисига Эрон ортидан постсовет давлатлари ичида Россиянинг асосий иттифоқчиси Беларус қабул қилинди. BRICS’га эса Теҳрон билан бирга Миср, Эфиопия ва БАА кирди, Озарбойжон ва Туркия эса аъзо бўлиш истагини билдирган.

Трампнинг таҳдиди

Эронни халқаро изоляциядан олиб чиқиш бўйича бундай муваффақиятлар Американинг келгуси маъмуриятига ёқмаслиги тайин. Трампнинг аввалги президентлиги «максимал босим» сиёсати билан Эрон раҳбариятининг ёдида қолган. 2018 йилда АҚШ ядровий битимдан чиқиши ва қатъий иқтисодий санкциялар қайтарилиши Эрон учун XXI асрдаги энг жиддий синовлардан бири бўлди.

Бироқ Вашингтоннинг бу йўналишдаги ҳаракатлари Теҳрон ва Москванинг иқтисодий интеграциясига жиддий таъсир ўтказа олиши даргумон. Эронга иқтисодий босим ўтказиш лимити Трампнинг аввалги президентлиги чоғида ниҳояланиб бўлган. Унинг ўрнига келган Жо Байден ҳам ўша сиёсатни давом эттирди — Теҳронга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бирортаси бекор қилинмади. Бу Эрон ва Россиянинг турли йўналишлар бўйича яқинлашувига халақит бера олмади, қайтага уларни янада жипслаштирди. Ҳозир АҚШ томонидан амалга ошириладиган қўшимча босимлар ҳам айнан шундай самара келтириб чиқарса керак.

Албатта, Трамп маъмурияти янада мураккаб ва оригинал қадамлар ташлаши мумкин. Масалан, Эронни қўллаб-қувватлашдан воз кечиш эвазига Россияга санкцияларни юмшатишни таклиф этиш. Бироқ бундай таклиф Америка ташқи сиёсатини радикал қайта кўриб чиқишни тақозо этибгина қолмасдан, Москвада ҳам катта хайрихоҳлик билан кутиб олинмаслиги мумкин. Эрон Москва учун ғарбдан холи янги халқаро муносабатлар инфратузилмасини синовдан ўтказувчи ҳамкор бўлиб қолди ва улар бу тажрибалардан воз кечиши даргумон.

Ҳа, Кремл тарафидан синалаётган воситалар ҳа доим ҳам самарали бўлиб чиқмаяпти, ҳаттоки Россиянинг иқтисодий манфаатлари тўлиқ жавоб бера олмайди. Масалан, Эрон билан божларни пасайтиришдан Россияга экспорт миқдорини оширган Эрон томони кўпроқ ютди. Россиялик экспортчилар бу йўналишда ҳозирча ҳеч қандай ютуқни қўлга киритишгани йўқ.

Бироқ, бундай иқтисодий майда-чуйдалар Кремлни ўзининг геосиёсий лойиҳаларини амалга оширишдан тўхтата олмаса керак. Эрон Россия учун бахтсизликдаги идеал ҳамкорга айланиб бўлди — унинг ҳам Ғарб билан муносабатларида йўқотадиган нарсаси қолмаган. Эрон йўналишидаги интеграцияда ҳар қандай муваффақият Москвани Ғарбга боғлиқ бўлмаган шундай ечимларни вақт ўтиши билан бошқа ҳамкорларига нисбатан ҳам жорий этиши мумкинлигига умидлантиради.

Мавзуга оид