Ўзбекистон | 01:21 / 31.03.2018
7568
2 дақиқада ўқилади

Аккредитация маркази Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ўтади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тизимини янада такомиллаштириш, экспортга йўналтирилган ва рақобатбардош товарлар, ишлар (хизматлар)ни ишлаб чиқариш учун шароитлар яратиш, мамлакат истеъмол бозорини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг:

  • Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги «Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази» Давлат корхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида Аккредитация марказини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш ва инспекция назорати бўйича вазифаларини, синов ва калибрлаш лабораторияларини, шунингдек, илгари берилган аккредитация гувоҳномалари тўғрисидаги марказлаштирилган маълумотлар базаси ва материалларни Аккредитация марказига ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқулланган.

Аккредитация марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитация қилиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган органлар ва метрология хизматларининг белгиланган шартлар ва талабларни бажариши устидан инспекция назоратини амалга ошириш;
  • халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш;
  • мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид