Ўзбекистон | 14:50 / 20.02.2021
6966
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

Мазкур жарроҳлик амалиётини ўтказиш 2022–2023 йилларда татбиқ этилиши кутилмоқда.

Болалар миллий тиббиёт маркази гематология ва онкология бўлими мудири Камол Искандаров Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган янги тиббий амалиётлар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Ўзбекистонда юқори дозада кимётерапия ва ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш амалиёти ҳозиргача ўтказилмаган.

«Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро протоколлар асосида даволашни йўлга қўйдик. Гематология ва онкология бўлимида яқинда юқори дозадаги кимётерапия амалга оширила бошланди.

Жуда қиммат ҳисобланган жараён – ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш амалиётини татбиқ қилиш ҳам режалаштирилган. Бу 2022–2023 йилларда амалга оширилади. Бунинг учун норматив ҳужжат қабул қилиниши, махсус изоляцион бокслар, ўзак ҳужайраларни ажратиб олиш, уларни сақлаш, амалиётдан кейинги асоратларни бартараф этиш бўйича бўлимлар ташкил қилиниши керак. Шундан кейин бу амалиётни ўтказиш мумкин бўлади.

Мазкур амалиёт даволаниш учун хорижга кетишга мажбур бўлаётган беморларни шу ерда тузатиш имконини беради», – деди Искандаров Kun.uz'га берган интервьюсида.

Маълумот учун, ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш (суяк кўмиги трансплантацияси) амалиёти оғир қон касалликларини даволашда асосий чоралардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид