Ўзбекистон | 19:53 / 09.09.2022
20134
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов вазир лавозимига тасдиқланди. Сардор Умрзоқов ўзбек дипломатияси олдидаги вазифаларни санади

Владимир Норов ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланиши муносабати билан вазирликда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Kun.uz'га маълум бўлишича, йиғилишда ўзбек дипломатияси олдида турган асосий муаммолар президент Шавкат Мирзиёевни ташвишга солаётгани таъкидланган.

Президент фармонига биноан, Владимир Имомович Норов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди.

Kun.uz'га маълум қилинишича, 9 сентябр куни Ташқи ишлар вазирлигида Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов вазирни жамоага таништирган.

Умрзоқовнинг сўзларига кўра, Владимир Норовнинг мазкур лавозимга тайинланишида унинг узоқ йиллик тажрибаси инобатга олинган.

Йиғилишда айрим танқидий масалалар ҳам кўриб чиқилган. Жумладан, Сардор Умрзоқов ўзбек дипломатияси олдида турган асосий муаммолар президент Шавкат Мирзиёевни ташвишга солаётганини таъкидлаган.

Ташқи хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, уларга қарши муносиб дипломатик чоралар кўриш лозимлиги, хорижий ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – ўзбек дипломатиясининг энг асосий вазифалари экани қайд этилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган энг катта халқаро тадбирлар – сентябрь ойидаги ШҲТ саммити, ноябрь ойидаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитларини юқори даражада ўтказиш бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Норов шу йил апрел ойида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

  • Норов 1955 йилда Бухорода туғилган. 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 12 январгача Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.
  • У турли йилларда турли мамлакатларда элчи сифатида фаолият кўрсатган (1998–2003 йилларда – Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида – Польша ва Швейцариядаги элчиси. 2005–2006 йилларда – Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2013 йил 27 августдан – Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2014 йилнинг 2 декабридан Ўзбекистоннинг Люксембургдаги элчиси).
  • Владимир Норов 2017 йил майида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига директор этиб тайинланган. 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик даражасига эга.

Мавзуга оид