Ўзбекистон | 17:11
1892
3 дақиқада ўқилади

“Тизимимиз анча эскириб қолди” — Президент коррупцияга қарши янги тизим ҳақида эълон қилди

Шавкат Мирзиёев коррупционерларни “ислоҳотларга хиёнат”да айблаб, 2026 йилда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишини айтди. Барча давлат ташкилотларида раҳбарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Президент Администрацияси Комплаенс хизмати (Эркин Йўлдошев)га “жиловни маҳкам қўлга олиш” буюрилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни парламент ва халққа мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш учун янги тизим жорий этилишини маълум қилди.

“Такрор ва такрор айтаман. Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдиддир.

Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз. Бўлмаса, мен айтган рақамларга эришолмаймиз, дунё ҳамжамияти бизга ишонишни секинлаштиради.

Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳар бир идорага кириб бораман. Қандай оғир бўлмасин, ҳар бир идорага кириб, кўзимизни мошдек очиб, кимгадир ёқмаса ҳам айтамиз бу гапларни. Тизимимиз анча эскириб қолди. Шунинг учун коррупцияга қарши янги тизим жорий қиламиз.

Шу янги тизимга қўйилган раҳбарлар нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ва президент олдида ҳисобот беради.

Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.

“Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади Ўзбекистонда. Қонун олдида ҳамма тенг.

Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.

Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос бўлади. Мана шуни билинглар. Бу янги тизим, мажбур бўлдим бу тизимни жорий қилишга. Қулоғимга кўп гаплар келяпти”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев Президент Администрацияси Комплаенс хизматига бу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ташкилотларида ишга тушириб, “жиловни маҳкам қўлга олиш”ни буюрди.

“Мансабидан қатъи назар, порахўрлик ва суиистеъмолчилик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан менга ахборот киритиб боради”, – деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Президент Администрациясининг Комплаенс хизматига 2025 йил июлдан буён Эркин Йўлдошев раҳбарлик қилиб келмоқда. У муқаддам Тошкент шаҳри прокурори ва бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид