20:32 / 31.10.2019
1
6779

«Ногиронлиги бор болаларнинг яқинлари улардан уялиши мутлақо нотўғри» – кўзи ожиз сайёҳ Ўзбекистонда

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Россия Федерациясининг 20та ҳудуди ва МДҲ давлатларида ҳар йили ўтказилиб келинаётган «Таълимдаги инновациялар: халқаро ҳамкорлик йўналиши» форуми 31 октябрь куни илк бора Ўзбекистонда ҳам ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, форумда Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари, давлат ва нодавлат МТТлар раҳбарлари, педагоглар иштирок этиб, мактабгача таълим ёшидаги болалар билан шуғулланишга ёрдам берадиган турли инновацион методлар билан танишдилар.

Россиялик кўзи ожиз сайёҳ, болалигидан мутлақо кўрмайдиган блогер ва тренер Владимир Васкевич ҳам Тошкентдаги форумда қатнашиб, имконияти чекланган болалар билан қандай қилиб самарали ишлаш мумкинлиги ва уларга МТТдан университетга қадар йўл босиб ўтишга ёрдам бериш кераклиги ҳақида сўз юритди.

«Мен 24 ёшдаман. Гарчи кўзларим ожиз бўлса-да, шу кунга қадар дунёнинг 20дан ортиқ давлатида бўлганман. Ўзбекистоннинг ҳам кўпгина жойларини биламан», – дейди Владимир Васкевич.

У залда ўтирган юздан ортиқ одамларни бир муддат кўзларини юмган ҳолда дунёни тасаввур қилиб кўришга чақирди.

«Кўриб турганингиздай, ҳеч нарса сиз кутгандай қўрқинчли эмас. Мен мана шу қоронғу дунёда яшаб, болалигимдан футбол ўйнашни, яхталарга чиқишни ўрганганман, президент бўлишни хоҳлаганман», – деди у форум иштирокчиларига қарата.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Владимир Васкевичнинг сўзларига кўра, имконияти чекланган болалар ҳам бошқалар қатори катта нарсаларни орзу қилишга, ўрганишга ҳақли. Бу борада мактабгача таълим муассасалари ҳал қилувчи рол ўйнайди.

«Имконияти чекланган болаларга технологиялардан фойдаланишни чуқурроқ ўргатиш керак. Улар бу орқали таълим олиши, барча қатори ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши, ўз блокларини юритиши мумкин.

Шунингдек, технологиялар имконияти чекланган одамларга ишлаш, оиласини таъминлаш имконини ҳам беради», - дейди Владимир.

«Чегарасиз саёҳат» китоби муаллифи бўлган Владимир Васкевичнинг таъкидлашича, ота-оналарнинг имконияти чекланган ёки бирор камчилиги бор болаларини қабул қила олишлари ва имкон борича эртароқ улар билан шуғулланишига кўп нарса боғлиқ.

«Бироқ, афсуски, бизда кўпинча имконияти чекланган болалар ёки шахсларнинг яқинлари улардан уялиши ҳолатларини кўпроқ кузатиш мумкин. Бу бутунлай нотўғри. Мана шундай ҳолатда бундай инсонларга ҳаёт чегараланиб қолади.

Аксинча, улар учун қулай ҳаётни топиш ва қўллаб-қувватлаш орқали имконияти чекланганларнинг ўз-ўзидан ривожланишига эришишимиз мумкин», – дея таъкидлади Владимир Васкевич.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top