Light | 21:36 / 27.04.2020
53292
8 дақиқада ўқилади

«Оёғимни кесишганда қаллиғим мени ташлаб кетганди» — ногиронлик иродасини мустаҳкамлаган инсон ҳикояси

Хизмат сафари билан Нукусда бўлиб, Тошкентга қайтишда Одамбой оға (исми ўзгартирилган) билан бир вагонда ёнма-ён келдик. Кийимлари оҳорли, истараси иссиқ бу одамнинг ёши элликдан ўтган, бир оёғи тиззасидан йўқ, ўриндиқ деворига иккита қўлтиқтаёқ суянган турарди. Озроқ умумий гаплар, бир-икки пиёла чойдан кейин истасак-истамасак мавзу шу нуқтага тақалди.

Фото: CC0 / Steve Buissinne

– Оёқдан бўз йигитлик чоғимда айрилганман, – дея ҳикоясини бошлади Одамбой оға. – Уруш майдонида, қандайдир қаҳрамонлик ортидан эмас, оддийгина эҳтиётсизлик туфайли шу куйга тушганман.

Ўшанда ўзим ёқтирган қизга унаштирилгандим, тўйимиз белгиланган кунлар эди. Армиядан қайтганман, йигитлик кучи жўш урган, висол яқин, шодлигим ичимга сиғмайди. Шундай кунларда дўстим билан мотоциклда кетаётганда мувозанатни йўқотдик ва ағанадик. Бу авариянинг мендаги оқибати бир оёғимнинг кесилиши бўлди.

Шу қадар тушкунликка тушдимки, дунё кўзимга қоронғи кўринди.

Даволанишлардан сўнг мени уйга олиб келишди. Ўрнимдан қўзғалолмайман, овқатни ҳам олиб келиб едиришади. Ёлғиз қолганимда ёстиқни тишлаб йиғлайман.

Шундай кунларда эшигимиз тақиллади. Онам ким биландир асабий гаплашди. Мен эшитиб турибман. Келин томон тўйни тўхтатиб, биз жўнатган нарсаларни қайтариб олиб келган экан...

Ўзи мени кўришга у томонда ҳеч ким келмаганидан ҳам ҳадиксираб юргандим. Қаллиғим ногирон одам билан бир умр яшай олмайман, дебди. Ота-онаси ҳам шу фикрда дарҳол нарсаларни олиб келиб, орани очиб кетишди.

Онам анча вақт олдимга кира олмай турди. Мен ётган жойимда, онам даҳлизда роса йиғладик...

Олдинги тушкунлигимдан ўн чандон ёмон ҳолга тушдим. Тўғрисини айтсам, ўша аварияда ўлиб кетмаганимга ачинардим.

Шундай қилиб гуллаган ёшлик чоғимда қўлтиқтаёққа суяндим, тўйим ҳам бекор қилинди, ўзим кўчага чиқолмай қолдим. Чунки одамларнинг кўзларидаги ачинишлардан, олдимда айтишмаса ҳам орқаваротдан «чўлоқ» дейишларидан эзилардим.

Россиядан келган тоғам мени бу ҳолатдан чиқариш учун ўзи билан олиб кетди. У ерда бир-икки кун туриб, шаҳарни айланганимдан кейин, ўша юртлик янгамнинг тоғамга қарата «уни нега олиб келдинг, нима қилади бу ерда?» деган зардали гапларини эшитиб қолдим ва қўлтиқтаёғимни судраб поездга чиқдим.

Уйга қайтганимдан кейин кўп хаёл сурдим, бу ҳолга тушишим сабабларини ўзимча таҳлил қилдим. Ўйлаб-ўйлаб нега бундай тақдирга раво кўрилганим боисини топгандай бўлдим.

Биз кичкина болалар эдик. Онам қаттиқ оғриб ётганида отам «менга касал хотиннинг кераги йўқ», деб ташлаб кетганди. Тўнғич фарзанд эдим, айнан мана шу ҳолатни яхши эслайман. Онам йиғлаб отамнинг оёғига ёпишганида отам оёғини силкиб, сўкиниб чиқиб кетган, бизга ҳатто қарамаган ҳам эди. Тез орада унинг уйланганини эшитдик. Кейин яна уйланди, сўнг яна бир марта уйланди...

Онам ҳам касаллик, ҳам рўзғорнинг юкини кўтара олмай ўксиниб йиғлаганларида отамни қаттиқ қарғаганман – «бизни ташлаб кетган оёқларинг синсин, бутун умр мажруҳ бўлиб қол» деганман.

Кейинчалик улғайганимда, ҳали оёғим соғ пайтларида бозор четида икки оёғи тиззасидан кесилган отамнинг тиланчилик қилиб ўтирганини кўрганимда ич-ичимдан қониқиш ҳосил қилганман. Энди билсам, менга берилган жазо бежиз эмас экан...

* * *

Тоғаларим, дўстларим ҳамиша мени қўллаб-қувватлашарди. Қариндошларимдан бири менга этикдўзлик ҳунарини ўрганишни тавсия қилди. Бориб махсус курсда ўқиб келдим. Яхши инсонга шогирд тушдим, ҳунарни кўнгилдагидек эгалладим. Устозим шу қадар бағрикенг эдики, дастлаб оёққа туриб олишим учун ўзининг мижозларини менга юборарди. Аста-секин ўзимнинг ҳам мижозларим кўпайди, қўлим пул кўрди, онамга ёрдам бериб, ҳаётимга мазмун кира бошлади.

Бу орада биз ватан деган иттифоқ тарқаб кетди, иқтисодда талотўплар бўлди, кўпчилик пулсиз қолди. Лекин қизиғи, менинг мижозларим ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Бир тарафдан одамлар эскини ямаб-ясқаб кийишни ўрганишган бўлса, иккинчи тарафдан четдан оқиб кирган сифатсиз пойабзаллар тезда йиртилиб, устабоп бўлиб қоларди.

Одамлар уйига нон олиб бора олмай юрган қийин даврлардан мен ўзим ногирон бўлатуриб кўпчилик қариндошларга ёрдам берардим...

* * *

Одамбой оға чойдан бир ҳўплаб олди-да, вагон ойнасидан лип-лип ўтаётган саксовулларга қараб яна ўйга чўмди. Мен ҳам унга қандайдир савол беришга ийманар, кўнглидагиларини ўзи айтишини кутаётгандим. Хайрият, қизиқиб турганимни билгандек, яна гап бошлади:

– Мени уйлантириш пайига тушишди. Лекин кимнингдир қизини сўраб боришга ҳаддимиз сиғмасди. Юрак ютиб борганларимиз ё очиқча рад жавобини беришди, ёки ёши ўтиб қолган қизларини сўраб борганимизга қарамай, кўнглимиз чўкмаслиги учун турли баҳоналар қилишди. Тўғри-да, бир оёғи йўқ йигит билан ким ҳам тақдирини боғлашни истарди?..

Лекин менинг ҳам тенгим бор экан. Яқинларим қидира-қидира қариндошлари қўлида сиғинди бўлиб қолган, мен каби кўнгли ярим бир қизни топишди. Ихчамгина тўйимиз бўлди.

Аёлим жуда меҳнаткаш, матонатли чиқди. Менинг ҳам, онамнинг ҳам хизматини жойига қўйди, бирин-кетин фарзандлар туғилиб, уйимиз тўлди. Аслида бошимга тушган синовлар мана шу кунларга етиб келишда иродамни мустаҳкамлашим учун керак бўлганини англай бошладим.

Кўпчилик рўзғор ташвишидан орттиролмай юрган пайтлари мен ҳовли қуришга киришдим ва ҳунарим ортидан топганим билан янги уйни битирдим ҳам. Ўша кунлари эси кириб қолган болаларим ва хотиним билан янги уйнинг бир кун у, бир кун бу хонасида ўтириб овқатланар, суҳбатлашиб чиқардик. Ўзимнинг қилган ишимдан, оиламдан, фарзандларимдан завқланардим...

* * *

Бозор рўпарасидаги гавжум жойда жойлашган «будкам»га ҳар куни эрталаб борар ва ишга киришардим. Ишни бошлашдан олдин деворга осилган радиони ёқиб қўярдим. Ўша даврдаги радио ҳақиқий радио эди, назаримда. Мен эшитмаган ривоят, мумтоз қўшиқлар қолмаган бўлса керак. Ҳаммаси ҳам одамни эзгуликка чорлайди, хатоларни таҳлил қилишга ундайди.

Ана шундай бахтга етказган кунларида отам ҳақида ўйлай бошладим. Борай десам, нималардир тўсқинлик қилаверади, бормай десам – отам, тақдири қизиқ барибир.

Ахийри икки дўстим билан отамни қидириб бордик. Аввал бозор айланиб бир кўйлак, тўн, белбоғ, дўппи ва яна анча майда-чуйда олдик. Дўстларим мени юришга қийналмасин деб, бир четга ўтқазиб қўйишди ва ўзлари отамни қидириб кетишди. Аммо анча вақт ўтиб қайтиб келишди. Отам бундан олти ой олдин қазо қилибди. Умрининг охирги йилларида бир рус аёлникида яшаб юрган экан. У ҳам уйидан ҳайдаб чиқарибди, отам хор-у зорликда жони узилибди. Суриштириб, қўйилган жойини топиб бордик ва қабри устида тиловат қилдик. Қўлимдаги нарсаларни қабристон қоровулига бердим ва ортга қайтдик...

* * *

– Сизни ташлаб кетган, унаштирувни бекор қилган қизнинг тақдири қандай кечди? – сўрадим оғадан.

– Бу ҳақда гапиргим келмайди. Ҳамманинг тақдири ўзига яраша... – гапни қисқа қилди Одамбой оға. – Муҳими, мен ўз бахтимни топдим. Азиз аёлим, ақлли фарзандларим бор. Улардан бирини, ўғлимни кўриш учун пойтахтга кетяпман...

Аброр Зоҳидов ёзиб олди.

Мавзуга оид