Жамият | 23:56 / 11.08.2020
8975
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олишга рағбатлантирилади

Ўзбекистонда ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри тузилади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини иш билан таъминлашга оид янги президент қарори қабул қилинди.

Унга асосан, 2020 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида тажриба тариқасида:

  • ишга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри шакллантирилади ва реестрга киритилган шахсларга бўш иш ўринларига жойлашишга кўмаклашилади;
  • тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун БҲМнинг 25 бараваригача, бироқ жами ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун БҲМнинг 500 бараваридан ошмаган миқдорда 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида, яратилган иш ўрнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг камида бир йил ишлаши шарти билан микрокредитлар ажратиш тартиби жорий этилади;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахсларни бепул ўқитиш курслари ташкил этилади.

Белгиланишича, 2021 йил 1 февралга қадар ушбу тажриба доирасида қилинган ишлар мониторинг қилинади. Тажрибанинг ижобий якунлари бўйича уни кейинчалик доимий асосда жорий этиш юзасидан ҳукуматга асослантирилган таклифлар киритилади.

Мавзуга оид