Ўзбекистон | 13:59 / 08.11.2022
12249
4 дақиқада ўқилади

RGCA: Ўзбекистон болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш динамикаси бўйича жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади

Фото: RGCA

Finance Inquirer нашри RGCA халқаро тадқиқоти натижалари ва UNICEF, Жаҳон банки ва OECD маълумотларига таяниб, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича энг яхши динамикага эга бўлган дунёдаги топ-10 та давлатни эълон қилди. Ўзбекистон жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

Фото: RGCA

Ҳисобот 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда эрта ёшдаги болалар таълимининг узоқ муддатли тенденцияларининг умумий кўринишини ўз ичига олган. Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, аксарият ҳудудларда мактабгача таълим билан боғлиқ вазият тўхтаб қолган ёки салбий ўсиш доирасига ўтган, бир қатор мамлакатларда эса ажойиб ўсиш кузатилмоқда. Энг ёрқин мисол Ўзбекистон бўлиб, у ерда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг ўсиш динамикаси кўриб чиқилаётган даврда 59 фоизни ташкил этди. 

Воқеани шарҳлар экан, Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим вазири Агриппина Шин шундай деди: “Эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси арафасида жамоамиз меҳнатига жаҳон миқёсида берилган бундай юксак баҳо қувонарли ҳол. ЮНEСКОнинг бу миқёсдаги тадбири илк бор Тошкентда ўтказилиши рамзий маънога эга. Айтишим мумкинки, тадқиқотда келтирилган рақамлар тасодифий эмас: мамлакат раҳбарияти томонидан 2017 йилдан буён мактабгача таълимни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ҳатто пандемия даврининг барча учун оғир босқичини ҳисобга олган ҳолда ҳам, сезиларли натижаларга олиб келди. Ишончим комилки, биз юқори ўсиш суръатларини сақлаб қоламиз ва яқин келажакда нафақат ўсиш динамикаси, балки мутлақ кўрсаткичлар бўйича ҳам дунёнинг етакчи давлатлари даражасига чиқамиз”.

RGCA тадқиқотига киритилган мамлакатларнинг аксарияти мактабгача таълим дастурларига катта миқдорда сармоя киритади, дастур харажатлари давлат томонидан молиялаштирилади – ўртача мактабгача таълим харажатларининг тахминан 69 фоизи.

“2020 йилдаги хавотирли глобал тенденциялар фонида, етакчи давлатлар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш икки баравар камайганини кўрсатган бир пайтда, бир қатор мамлакатлар, аксинча, ажойиб ўсиш билан ажралиб турди. Масалан, жаҳон рейтингида етакчилик қилаётган Ўзбекистон давлат харажатларининг кўпайиши, соҳани либераллаштириш ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун инновацион кўчма болалар боғчаларини жорий этиш ҳисобига бу кўрсаткични 59 фоизга оширди. Шубҳасиз, маълумотлар у ёки бу тарзда 2020 йилнинг баҳор-ёз ойларида пандемиянинг ўткир босқичи муваффақиятли ўтгани билан боғлиқ: бир қатор мамлакатлар мактабгача таълим муассасаларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш учун локдаунлардан фойдаланишди, бошқалари эса бюджет оқимларини бошқа бошқа йўналишларга йўналтирди. Шу билан бирга, ўша Финландия ўзининг машҳур таълим тизими барқарорлигини яна бир бор тасдиқлади ва 7 фоизни қўшиб олди”, — деди RGCA бош директори Вячеслав Карпов.

Ўзбекистондан ташқари, биринчи ўнталикка Тожикистон (+33%), Беларус (+7%), Финландия (+7%), Қозоғистон (+4%), Литва (+4%), Туркия (+4%), Швейцария (+2%), Полша (+2%) ва Озарбойжон (+1%) кирди. Рейтингдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпроғида 2018-2020 йилларда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси пасайган.  

Мавзуга оид