Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Россиядан қурол ва нефт харид қилувчи Ҳиндистонга «жарима солди»
У Ҳиндистоннинг Россия билан савдоси Украинадаги можарони тугатишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган.
Фото: EPA/ WILL OLIVER
Доналд Трамп Қўшма Штатлар 1 августдан эътиборан Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик экспорт божи жорий этишини маълум қилди. У бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган.
Америка раҳбари Ҳиндистонни «дўст» деб атаган бўлса-да, у мамлакат товарларига қўйиладиган бож ставкалари жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлишини айтди.
«Гарчи Ҳиндистон бизнинг дўстимиз бўлса-да, биз кўп йиллар давомида у билан нисбатан кичик савдо ҳажмларига эга бўлдик, чунки унинг божлари ҳаддан ташқари юқори – дунёдаги энг юқориларидан бири, шунингдек, у барча мамлакатлар ўртасида қаттиқ ва ёқимсиз номонитар савдо тўсиқларини ўрнатади», – деган Трамп.
Трампнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон «ўз ҳарбий техникаларининг катта қисмини Россиядан сотиб олган ҳамда Хитой билан биргаликда Россия энергия ташувчиларининг энг йирик харидори ҳисобланади – «бутун дунё Россиянинг Украинадаги қотилликларни тўхтатишини истаётган бир пайтда эса, бу ишлар яхши эмас».
«Шунинг учун Ҳиндистон 1 августдан юқоридагилар учун 25 фоизлик тариф ва жарима тўлайди», – деб ёзган Трамп.
У Ҳиндистон учун жарима юзасидан бошқа тафсилотларни келтирмади.
Июл ойи ўрталарида Доналд Трамп Москва Киев билан 50 кун ичида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришмаса, АҚШ Россия ва унинг савдо ҳамкорларига нисбатан бож жорий этиши билан таҳдид қилганди. Кейинчалик у бу муддатни 10 кунгача қисқартирди. Шу билан бирга, Трамп бу чекловлар Россияга таъсир қилиш-қилмаслигини билмаслигини айтган.
Ҳиндистон нефт вазири Хардип Сингҳ Пури агар Россия энергетикасига иккиламчи санкциялар қўлланса, Ҳиндистон ўзининг нефтга бўлган эҳтиёжини муқобил манбалардан қондира олишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон Россия импорти билан боғлиқ ҳар қандай муаммони бошқа мамлакатлардан етказиб бериш орқали ҳал қилиши мумкин.
Маълумот учун, 2024 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 190 млрд долларни ташкил этган бўлиб, савдо камомади 45,8 млрд доллар бўлган. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 500 млрд долларга етказишни мақсад қилган.
Мавзуга оид
22:58 / 02.01.2026
Трамп соғлиғи аъло даражада эканини айтди
20:09 / 02.01.2026
Эрон расмийлари Трампни Теҳронга таҳдидлари учун танқид қилди
19:02 / 02.01.2026
Венесуэла президенти АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди
17:46 / 02.01.2026