Ўзбекистон | 10:10 / 28.12.2018
65347
2 дақиқада ўқилади

Қора бозорда иш қиладиганлар қаттиқ жазоланади — Президент

Президент парламентга мурожаатномасида янги солиқ концепцияси ҳақида гапирди.

«Фуқароларимиз солиқ тўлашдан манфаатдор бўлиши керак. 2019 йилдан жорий этиладиган солиқ концепцияси солиқ юкини камайтириш, содда солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Бу шунингдек инвесторларни жалб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирда ЯИМда яширин иқтисодиётнинг улуши катта. Бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яширин иқтисодиёт улуши катта эканини депутатлар ҳам, бошқалар ҳам, ҳамма яхши билади.

Ёки иқтисодиётни ривожлантириш керак, ёки эски тос-ҳаммом бўлиб юраверишимиз керак.

Солиқларни вақтида тўлаб юрадиган инсофли тадбиркорларни албатта рағбатлантирамиз. Албатта ҳаммага бир хил бўла олмаймиз. Яширин иқтисодиёт юритадиганларга, қора бозорда иш қиладиганларга жуда қаттиқ жазо берамиз. Бошқа йўли йўқ.

Маълумки, солиқ ставкалари пасайтирилиши ёки айрим солиқлар бекор қилиниши билан бюджетга тушадиган маблағ ҳажми камаяди. Буни самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бартараф этиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мумкин. Айнан шунга эришиш биринчи галдаги вазифамиздир.

Солиқ маъмуриятчилиги шундай бўлиши керакки, қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилинса ҳам, бу ҳолат истеъмол товарларининг нархи ўсишига олиб келмаслиги зарур.

Келажакда ҳамма бир хил бўлиши керак, бозор бешафқат, лекин шуни қилишимиз керак. Фалон фирма, фалон ташкилотга преференциялар берсак, ривожланиш бўлмайди. Солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилишимиз керак.

Оғир йўлга ўтяпмиз, лекин битта шу тўғри йўл. Оғир лекин, барқарорлик йўли. Барқарор иқтисодиётни таъминлаймиз», деди президент.

Мавзуга оид