Президентнинг 27 декабрдаги 458-сонли қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан маҳаллаларнинг мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қоладиган бўлди.

Бу «Маҳалла бюджети» тизими орқали ишлайди. Дастлабки босқичда 14 ҳудуддан биттадан (солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган) туманда «Маҳалла бюджети» тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилиши белгиланган.  

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тушунтиришича, бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча манбаларни излаш ва уларнинг даромадлари базасини кенгайтириш орқали маҳаллалардаги мавжуд муаммолар бартараф этилади. 

Бунинг учун «маҳалла бюджети» тизими тажриба тариқасида жорий этилган туманларда бир маҳалланинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳар ойда кейинги ойнинг 10-санасига қадар туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади. Кейинги босқичда тизим асосида шакллантирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган ва амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб борилади.  

Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган таклифлар овоз бериш йўли орқали саралаб олинади ва уларга шакллантирилган маблағлар йўналтирилади.  

Амалга оширилган тадбирлардан келиб чиқиб вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий эксперимент натижалари таҳлил қилинади.

Шакллантирилган маблағлар маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллани ободонлаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳаларига йўналтирилади.  

Масалан, ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилган Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган 60 та маҳаллаларда 65 мингдан зиёд солиқ тўловчилар бор. Бундан Дегрез маҳалласида 700 та объект бўлиб, йиллик ҳисобланган мол-мулк солиғи 513,1 млн сўм, йил бошига солиқ қарзи эса 84,5 млн сўмни ташкил этади. Агар маҳалла томонидан март ойида 100 млн сўм ундирилса, ушбу сумманинг 10 фоизи ёки 10 млн сўми 10 апрелга қадар Дегрез маҳалла жамғармасига ўтказилади. Дегрез маҳалласи эса 10 млн сўм маблағни болалар майдончасини таъмирлаш ёки кам таъминланган оилаларга кўмак учун ажратиши мумкин.